Ссылки доступа

Ашхободда тўрт ойлик танаффусдан сўнг бозорларда савдо қилишга рухсат берилди


Рынок "Алтын Асыр", Ашхабад (иллюстративное фото)
Рынок "Алтын Асыр", Ашхабад (иллюстративное фото)

Ашхободда 18 декабрдан бозорларда савдо яна бошланди. Мухбирларнинг сўзларига кўра, бозорлар фаолияти қайта тикланиши билан аҳолининг пандемия даврида кескинлашган ижтимоий-иқтисодий муаммолари айниқса яққол кўзга ташланди.

Узоқ танаффусдан сўнг, шу кунларда Ашхобод бозорлари Туркманистон пойтахтидаги энг гавжум жойга айланган. Фуқаролар бозорга узоқ ойлардан кейин харид қилиш, сотиш ёки шунчаки айланиш учун келишмоқда. Шу билан бирга, бозорлардаги вазият жорий иқтисодий вазият ва карантин даврида кескинлашган аҳоли муаммоларини акс эттиради.

«Олтин аср» бозорида бозор дарвозаси ва ҳудудида юзлаб аёллар қора курсда АҚШ доллари, олтин ва кумуш сотишни ва сотиб олишни таклиф қилмоқда.

Мухбирларнинг ёзишича, ўз тилла-кумуш тақинчоқлари, никоҳ узукларини эҳтиёж туфайли арзон нархларда сотаётганлар талайгина.

Бозорларнинг банк карталари орқали тўловларни қабул қилишдан қатъиян рад этишидан харидорлар норози. Айни пайтда банклар олдида, аввалгидек, пластик карточкалардан пул ечиб олиш учун узун навбатлар пайдо бўлди.

Шу билан бирга, узоқ кутилган бозорларнинг қайта очилиши бир неча ой давомида блокировка туфайли зарар кўрган тадбиркорларга яна бир молиявий босим билан бирга келди.

Ашхобод ҳукумати дўкон ва бозор сотувчилардан айрим товарларни арзонлаштирилган нархларда сотишни талаб қилмоқда. «Бизни ширинликларни сотиб олинган нархлардан пастроқ сотишга мажбурлашмоқда. Масалан, 60 манатлик ширинликларни 25 манатдан сотишимиз айтилди. Бир қатор дўконлар ўз маҳсулотларини яшириб қўйишган», — дейди исми сир қолишини истаган манба.

Кичик хусусий дўконлар, ярим ертўлаларда жойлашган хизмат кўрсатиш корхоналари эгалари ҳам молиявий босим остида қолди. Вилоят ҳокимликлари вакиллари дўкон ва салонларга, жумладан, сартарошхона, таъмирлаш устахоналари, ательеларга ташриф буюриб, шаҳарга туташ ҳудудлар ва марказий хиёбонларни янги йилда безаш ишлари учун пул талаб қилмоқда.

Мухбирларнинг сўзларига кўра, сотувчилардан коронавирус йўқлиги тўғрисидаги гувоҳномадан ташқари, тестлар ҳам талаб қилинади.

Ўз ҳудудида коронавирус ҳолатини расман тан олмаган Туркманистон август ойидан бери бозорлар, маиший ва кўнгилочар корхоналар фаолиятини тақиқлаб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG