Ссылки доступа

Халқ таълими вазирлиги ҳам ўз хабарига ўзи раддия берди


Умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар йўқ, деб бир неча соат олдин эълон қилинган ўз хабарига ўзи раддия берди 20 декабрь куни Халқ таълими вазирлиги.

Расмий баёнотда билдирилишича, вазирликнинг умумтаълим мактабларига юборилган янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш билан боғлиқ чеклов юзасидан тегишли хати нотўғри талқин қилинган.

“Умумтаълим мактаблари ҳудудида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини билдирамиз. Шу билан бирга мактабларда пул йиғимлари ҳамда ота-оналарнинг эътирозларини олдини олиш мақсадида ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шаҳобчаларида мактаб ўқувчиларига Янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди”,-дейилади баёнотда.

20 декабрь куни эрталаб вазирлик “Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас”, деб расман билдирган эди.

Эрталабки билдирувда ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклардан ташқари мактаб фойеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш ҳам тақиқлангани қайд этилган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумат идоралари орасида ўзи тарқатган хабарга ўзи раддия бериш ёки бир давлат органи тарқатган хабарни бошқа бир орган рад этиши анъанаси пайдо бўлмоқда. Бундан аввал Бош прокуратура, Туризм ва спорт вазирлиги, Тошкент вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мана шундай раддияларни берган.

XS
SM
MD
LG