Ссылки доступа

Имомали Раҳмон Тожикистондаги таълим тизимини кескин танқид қилди


Президент Таджикистана Эмомали Рахмон

Тожикистон президенти парламентга йиллик мурожаатида мамлакат таълим тизимини кескин танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, бу соҳани тўлиқ ислоҳ қилиш керак.

«Ўқув дастурлари аллақачон эскириб кетган. Аксарият ўқитувчиларимиз ўқувчилар билан ишлашнинг услуб ва технологияларини билишмайди. Биз ўзимизни алдаяпмиз, шунчаки диплом, ҳужжатлар бериб қўйяпмиз. Тизимни зудлик билан ислоҳ қилишимиз керак», деди мамлакат президенти.

Шунингдек, у 10 йилдан кейин давлат хизматларида она тили билан бирга икки чет тилини ҳам яхши биладиганларгина ишлаши керак бўлган қонун лойиҳасини қабул қилиш учун ушбу мавзуга яна қайтишни таклиф қилди.

Ҳозирда барча давлат радио ва телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган парламентга йиллик мурожаатида президент ижтимоий, иқтисодий, транспорт, тиббиёт, энергетика, сармоя ва бизнесни ривожлантириш масалаларига тўхталди. У кейинги тўрт йилни «Саноатни ривожлантириш йили» деб эълон қилди.

Имомали Раҳмон ўз мурожаатида мустақиллик йилларида мамлакат энергетика тизимининг 75 фоизи реконструкция қилингани, 287 та йирик ва кичик электр станциялари қурилганини таъкидлади. Унга кўра, сўнгги ўн йилда мамлакат ягона энергетика тизими яратилиб, ушбу соҳага 59 миллиард сомоний тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган.

Шунингдек, у турли соҳалардаги ишчиларнинг иш ҳақи оширилишини маълум қилди. Масалан, Имомали Раҳмонга кўра, январь ойидан бошлаб ҳарбий хизматчиларнинг маоши 25 фоизга оширилади.

Шунингдек, Раҳмон ҳукуматга июнь ойидан бошлаб таълим, ижтимоий ҳимоя ва бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошларини, талабалар ва ўқувчилар стипендияларини оширишни таклиф қилди. Президентнинг сўзларига кўра, июль ойидан бошлаб ногиронларнинг нафақалари ҳам 50 фоизга оширилади.

XS
SM
MD
LG