Ссылки доступа

Асқар Акаев: Энди Қирғизистонга исталган вақтда кела оламан


Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев Москвага қайтгач, «Московский Комсомолец» газетасига берган интервьюсида «ватанида унга қарши ҳеч қандай даъво йўқлиги ва барча ишларнинг ёпилганини» маълум қилди.

«Энди мен ҳам Қирғизистоннинг бошқа фуқаролари каби юртимга хоҳлаган вақтда боришим мумкин. Бунда, албатта, ҳозирги президент Садир Жапаров асосий роль ўйнади. У шахсан менга қўнғироқ қилиб, 16 йил давомида менга қарши кўплаб турли ишлар тўпланганини, уларнинг кўплари ғалати, аммо уларни ёпиш учун менинг тушунтиришларим ва жавобларим зарурлигини айтди», — деди Акаев.

У шунингдек, унинг сафари масаласи Садир Жапаров томонидан Россия президенти Владимир Путин билан келишилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «2005 йилда Қирғизистонда [Қурманбек] Бакиев, [Алмазбек] Атамбоев ва [Роза] Отунбоева бошчилигида давлат тўнтариши бўлганда, улар навбатма-навбат президент бўлиб, унга нисбатан қандайдир иш очишга ҳаракат қилишган. Асқар Акаевга кўра, «фақат [Садир] Жапаров унга адолатли муносабатда бўлган».

Қирғизистоннинг биринчи президенти ҳам ҳали ватанига қайтиш нияти йўқлигини ва фаолиятини Москвадаги Москва давлат университетида давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Асқар Акаев Қирғизистонни 1990 йилдан 2005 йилгача бошқарган. У оиласи билан 2005 йил мартдаги тартибсизликлардан сўнг Россияга қочиб кетган ва бу воқеалар тарихга «Лола инқилоби» номи билан кирган.

XS
SM
MD
LG