Ссылки доступа

ЖССТ дунё мамлакатларига омикрон хавфи туфайли байрам тадбирларини ўтказмасликни маслаҳат берди


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бутун дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган коронавируснинг омикрон вариантидан ҳимояланиш учун яқинлашиб келаётган байрамлар режаларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада бўлиб ўтган брифингда «Тадбирни бекор қилиш жон беришдан афзалдир» деди.У шунингдек, янги вариант бошқаларга қараганда анча тез тарқалиб, эмланган ва тузалиб кетган одамларга ҳам юқишини тасдиқлади.

Қўшма Штатлардаги Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларига кўра, омикрон мамлакатда коронавируснинг асосий вариантига айланиб улгурди.

Ноябрь ойининг охирида Жанубий Африкада топилган янги штамм жуда кўп мутацияларга эга бўлиб, тез юқади ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳатто эмланган ва касал бўлиб ўтган одамларнинг иммунитетини четлаб ўтишга қодир.

Бир қатор давлатлар омикроннинг тарқалиши муносабати билан яна чекловларни кучайтирмоқда. Нидерландия омикрон туфайли чекловлар эълон қилган биринчи давлат бўлди. Дания театрлар, кўнгилочар боғлар ва музейларни ёпмоқда. Франция ва Германия хориждан келганлар учун карантин чораларини жорий қилди. Лондон мери Трафалгар майдонидаги байрам тадбирларини бекор қилди.

Шу билан бирга, гарчи АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи Рождество саёҳатлари вирус тарқалишига ёрдам бериши ҳақида огоҳлантирган бўлсада, Оқ уй президент Жо Байден чекловларни жорий қилишни режалаштирмаганлигини айтди.

XS
SM
MD
LG