Ссылки доступа

Қозоғистонда қизларни жинсий қулликка сотишда айбланган 16 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинди


21 декабрь куни Чимкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туманлараро ихтисослаштирилган суди «одам савдоси ва жинсий эксплуатация» иши бўйича 16 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилди.

13 киши бир йилу уч ойдан 14 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Яна уч нафар айбланувчи суд томонидан «томонларнинг ярашуви муносабати билан» жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Ҳукмни судья Абсаттор Шоҳидинов эълон қилди. Айбланувчилар «Трансмиллий уюшган гуруҳ ва ташкилот тузиш ҳамда унга раҳбарлик қилиш, шунингдек уларда иштирок этиш», «Одам савдоси», «Вояга етмаганлар савдоси», «Жиноий даромадларни легаллаштириш» моддалари билан айбдор деб топилди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ раҳбари ва унинг аъзолари ҳамда шериклари 2016-2020 йилларда Баҳрайн Қироллигида одам савдоси, жумладан, вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилиш билан шуғулланган. Иш бўйича 36 киши жабрланувчи сифатида тан олинган. Уларнинг аксарияти меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг собиқ тарбияланувчилари ёки кам таъминланган оилалар фарзандларидир.

Мазкур ишда трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ раҳбари сифатида тилга олинган 36 ёшли Саодат Азадова 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айбланувчилар Сузана Аҳмедова, Шаҳзода Аҳмедова, Эстелла Беркина ва Шаира Турғуноваларнинг ҳар бири 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Элнара Темирова, Роза Косдаулетова 11 йилу 3 ойга, Руслан Цесхладзе 10 йилга, Исмоил Мададов ва Сергей Савинский 6 йилу 8 ойга, Рамил Гайнуллин 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Зарифа Пичугина ва Татяна Азадованинг ҳар бири бир йилу уч ойга озодликдан маҳрум этилди.

Раъно Ишметова, Асел Тўтеева ва Элмира Адиҳамова одам савдосида айбдор деб топилган, бироқ жабрланувчилар билан ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилган. Суд уларнинг вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳам ҳисобга олди. Уларнинг илтимосига биноан судья судда суратга ва видео тасвирга олишни чеклади.

Айбланувчиларнинг 14 нафари Қозоғистон фуқаролари. Яна икки киши Қозоғистонда яшовчи Россия фуқаролари. Судья Шоҳидиновнинг сўзларига кўра, судланувчилар ўз айбларига тўлиқ ёки қисман иқрор бўлган, айримлари қилмишидан пушаймон ҳам бўлган. Суд ушбу ишни кўриб чиқишни 27 май куни бошлаган эди. У ёпиқ эшиклар ортида кўрилди.

Февраль ойида Қозоғистон ИИВ Қозоғистон жанубий вилоятларидан қизларни Баҳрайнга фоҳишаликка ёллаш ва жўнатишда гумон қилинаётган трансмиллий гуруҳ ташкилотчилари ва аъзоларига қарши жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган эди. Март ойида департамент Чимкент ва Туркистон вилоятида яшовчи 39 нафар қурбоннинг шахси аниқланганини маълум қилган. Тергов жараёнида 19 нафар гумондор шахс аниқланган, улардан 16 нафари қўлга олинган, уч нафари халқаро қидирувга берилган.

XS
SM
MD
LG