Ссылки доступа

YouTube тожик мухолифатининг «Ислоҳ ТВ» телеканалини ёпганидан бир кун ўтиб яна блокдан чиқарди


Мухаммадикболи Садриддин

YouTube тожик мухолифатчиси Муҳаммадиқболи Садриддинга тегишли бўлган «Ислоҳ ТВ» ёпилганидан бир кун ўтиб яна блокдан чиқарди. YouTube ушбу канални ҳақорат ва таҳдидларни ўз ичига олган контентни чоп этиш юзасидан кўплаб шикоятлардан сўнг «ҳамжамият қоидаларини бузгани учун» блокланганини айтди.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати Муҳаммадиқболи Садриддинни нафрат қўзғатиш ва терроризмни тарғиб қилишда айбламоқда.

«Ислоҳ ТВ» асосчиси Муҳаммадиқболи Садриддин 21 декабрь куни Озодлик радиосига сўнгги икки кун ичида сайт ҳужумга учрагани ва YouTube текширув тугагунига қадар «Ислоҳ ТВ»ни блокировка қилишга қарор қилганини айтди. Канал асосчиси каналга қўйилган барча айбловларни рад этганидан бир кун ўтиб блокдан чиқарилди.

«Бу бизнинг нашрларимиздан жуда норози бўлган тожик расмийларининг иши эканини биламиз. Улар сабоқ олиб, хатоларини тўғрилаш ўрнига, каналимизни ёпиш учун қўлдан келган барча ишни қилишяпти», — дейди Муҳаммадиқболи Садриддин.

«Ислоҳ ТВ» 150 мингдан ортиқ обуначига эга. Сайтда Тожикистон расмийлари ҳақида кескин ва ошкора мақола ва видеолар чоп этилади. Расмийлар ва ҳукуматпараст экспертлар Муҳаммадиқболи Садриддинни журналист одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасликда айбламоқда.

Муҳаммадиқболи Садриддин Европа давлатларидан бирида сиёсий бошпана олди. Сўнгги бир неча йил давомида у мухолифатдаги Isloh.net сайти ва YouTubeдаги «Ислоҳ ТВ» бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Муҳаммадиқболи Садриддин Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг собиқ етакчиларидан бири Қаландар Садуридинзоданинг ўғли.

«Ислоҳ» сайти тожик расмийларининг сиёсатини танқид қилади, ҳокимиятнинг энг юқори поғонасидаги коррупция, шунингдек, Тожикистондаги кўплаб муаммолар ҳақида фош қилувчи мақолалар чоп этади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Тожикистон Бош прокуратураси Муҳаммадиқболи Садриддинга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган эди.

Назорат органи мухолифатчи журналист уч нафар Тожикистон фуқаросининг 430 минг доллар миқдоридаги маблағини ўзлаштирганини даъво қилмоқда. Аммо Муҳаммадиқболи Садриддин «Озоди» радиосига берган интервьюсида бу айбловларни рад этди.

XS
SM
MD
LG