Ссылки доступа

«Шовотландия» кафесига ўт қўйган икки киши умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Тошкентдаги «Шовотландия» кафесига ўт қўйганликда ва 5 кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбланиб судланган 36 ва 26 ёшли икки кишига нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланди.

Маҳаллий нашрларнинг ўз манбасига таяниб хабар беришича, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов бошчилигида кўриб чиқилиб, 21 декабрь куни суд ҳукми ўқилган. Суд ҳукми эълон қилинган кундан 20 кун ўтиб кучга киради.

Суд материалларида айтилишича, «Шовотландия» кафесининг 644 млн 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 млн сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли икки нафар аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ёшли қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

«Шовотландия» кафесида 27 февраль ёнғин чиққан эди. Дастлабки текширув натижасида кафега ўт қўйилгани аниқланган ва шу куниёқ ўт қўйган шахслар ушланганди.

Кейинроқ кафе эгаси билан жанжаллашиб қолган 26 ёшли йигит 36 ёшли “бошлиғи”нинг буйруғи билан кафега “қасддан ўт қўйган”и маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG