Ссылки доступа

Чимкентда тез ёрдам ҳайдовчилари иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда


22 декабрь куни Чимкент шаҳрида шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг ўнлаб ҳайдовчилари иш ҳақини ҳозирги ўртача 80 минг тенгедан камида 150 минг тенгега (тахминан 340 доллар) оширишни талаб қилишди.

Эрталаб тез ёрдам станцияси олдига йиғилган 70 га яқин ҳайдовчи нафақат маошлар етарли эмаслигидан, балки ишчилар учун «коронавирус» нафақалари ҳам кечиктирилганлигидан ҳам норози эканликларини билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, нафақалар уч ойдан ортиқ вақт давомида берилмаган.

Чимкент тез тиббий ёрдам станцияси бош врачи Гулнар Қурманбекова йиғилганларни ваҳима кўтармасликка чақирди.

Унинг сўзларига кўра, янги йилдан ҳайдовчиларнинг маоши ошади ва 92 минг тенгени ташкил қилади. Бош шифокорнинг айтишича, тез тиббий ёрдам машиналари носозлик бўлган тақдирда бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинган эҳтиёт қисмлар ёрдамида таъмирланади. Улар йўқ бўлганда, ҳайдовчи керакли қисмларни олишни кутиши керак, бу вақтда ҳайдовчи ишга бормайди ва ушбу давр учун иш ҳақи тўланмайди.

Намойишчилар бош шифокорнинг жавобидан қониқмади.

Намойишчилар оммавий ахборот воситалари орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, тез ёрдам ҳайдовчиларини тинглаш ва иш стажи ҳамда инфляцияни ҳисобга олган ҳолда маошларини камида 150 минг тенгега оширишни сўрашди. Улар талаблар бажарилмаса, оммавий равишда ишдан кетишларини эълон қилишди.

Ўтган ёздан бери турли ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам станциялари ишчилари коронавирус юқтириш хавфи бўлган шароитларда ишлаганлик учун мукофот пулларини тўлаш ёки қайта ҳисоблашни талаб қилиб, қониқарсиз меҳнат шароитларидан шикоят қилиб, бир неча бор норозилик билдиришган.

XS
SM
MD
LG