Ссылки доступа

Расмийлар Хоруғдаги намойишларда қатнашган 66 кишига Тожикистондан ташқарига чиқишни тақиқлади


Протесты в Хороге продолжались четыре дня

Расмийлар Хоруғ ва Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Роштқалъа вилоятида истиқомат қилувчи 66 нафар фуқаронинг исм-шарифлари ёзилган рўйхатни чегара постларига бериб, уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлади.

22 декабрь куни Озодлик радиосига республикадан ташқарига чиқиши чекланган шахслар реестрига киритилган фуқаролар рўйхатининг нусхаси тақдим этилди. Расмийлар рўйхат ҳақида изоҳ бермаяпти, бироқ ТБАВдаги фуқаролик жамияти фаолларининг айтишича, рўйхатдагиларнинг аксарияти 25-28 ноябрдаги намойишларда қатнашган. Рўйхатда чет элга чиқиш тақиқланган шахсларнинг шахсий маълумотлари: исм ва фамилия, туғилган санаси ва жойи, шунингдек яшаш жойи ва рўйхатдан ўтган жойи кўрсатилган.

25 ноябрь куни Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғида яшовчи Гулбиддин Зиёбеков хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган операция натижасида ҳалок бўлганидан сўнг юзлаб одамлар вилоят ҳокимлиги биносига норозилик билдириш учун йиғилган эди.

Намойишнинг тўртинчи куни расмийлар роштқалъалик фуқаронинг ўлими юзасидан холис текширув ўтказишга, намойишчиларни жиноий жавобгарликка тортмасликка ва вилоятда интернетга кириш чекловларини олиб ташлашга ваъда берганидан кейингина намойишчилар тарқалди.

Ҳозирда фуқаролик жамияти фаолларининг айтишича, расмийлар ўз ваъдаларини бажармаган: интернет ҳанузгача чекланган, Гулбиддиннинг ўлими холис текширилмаяпти ва ҳукумат бундай рўйхатлар билан намойишчиларни нишонга олиши мумкин.

Бадахшон фуқаролик жамияти вакилларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан ТБАВ Ички ишлар органлари шахслар рўйхатини тузгани ва чегарачиларни бу шахсларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқлангани ҳақида огоҳлантирганини айтди. Рўйхатда Гулбиддин ва яна икки кишининг жасади солинган тобутларни майдонга олиб келган Хоруғ ва Роштқалъа фуқароси ҳам бор.

Расмийлар аввалроқ намойишчилар полиция ходимларига ҳужум қилгани, уларнинг қуролларини тортиб олгани ва вилоятдаги бошқа расмийларга ҳужум қилиш учун бу қуроллардан фойдаланишга уринганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG