Ссылки доступа

Дмитрий Муратов Нобель мукофотини касал болалар ва журналистларга ҳайрия қилди


Дмитрий Муратов

Москвада нашр этиладиган “Новая газета”нинг бош муҳаррири Дмитрий Муратов Нобель Тинчлик мукофотининг асосий қисмини меҳр-мурувват фондларига ҳайрия қилди.

Муратов 40 миллион 200 минг рубллик ($550 минг атрофида) мукофотнинг 20 миллионини оғир касал бўлган болаларни даволаш ва ҳимоя қилишга ихтисослашган 4 та фондга 5 миллиондан бўлиб берди.

Мукофотнинг ўн миллион рублини у оғир касал бўлган журналистларга кўмак кўрсатувчи ОАВ ходимлари тиббиёт фондига топширди.

Бундан ташқари қолган 10 миллион 200 минг рублдан бир қисмини Муратов Россиядаги журналистлар вазиятига бағишланган фильм олишга берди, яна бир қисмини “Новая газета” журналистларига мукофот тариқасида тарқатди.

Мукофотнинг қолган қисмини бош муҳаррир “Новая газета”нинг “қора куни”га асраб қўйди.

Дмитрий Муратов СССР тарқаб кетганидан сўнг ўтган 30 йил ичида Нобель мукофотига сазовор бўлган илк россияликдир.

Унга ва Филиппинлик журналист Мария Рессега Нобель Тинчлик мукофоти берилгани тўғрисида 8 октябрь куни эълон қилинганди.

Муратовни АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарлари Нобель мукофоти билан тезкор табриклаган. Россия президенти Владимир Путин эса уни фақат 21 октябрь куни қутлади.

XS
SM
MD
LG