Ссылки доступа

Қозоғистон Афғонистонга ун етказиб беришда давом этади


Қозоғистон Афғонистон билан савдо айланмасини оширишдан манфаатдор, деб хабар қилди мамлакат савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов.

«Афғонистонга экспорт салоҳияти 360 миллион долларлик 45 та товарни ташкил этади», деди Султонов Кобулда Афғонистон ҳукумати вакиллари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасидаги музокаралар чоғида.

Қозоғистон Афғонистондан мева-сабзавот сотиб олишга тайёрлигини билдирди, деб хабар қилди матбуот хизмати.

Қозоғистон Афғонистонга анъанавий равишда асосий ун ва дон етказиб берувчи ҳисобланади. Қозоғистон унини экспортининг ярмидан кўпи ва дон экспортининг 10 фоиздан ортиғи фақат Афғонистон бозорига йўналтирилган.

Султонов Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форумида иштирок этди, унинг якунлари бўйича Афғонистонга макарон, ун ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича меморандумлар имзоланди.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 345,9 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига (477,1 миллион доллар) нисбатан 27,5 фоизга камдир.

Қозоғистон ҳукумати вакилларининг Афғонистонда 2021 йил августидан бери дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Қозоғистонда террорчи деб тан олинган «Толибон» гуруҳи вакили бўлган янги ҳукумат билан биринчи учрашуви эмас.

Бу гал Савдо вазири Бахит Султонов Бош вазир ўринбосари Абдула Салам Ҳанафий, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттаки билан учрашди.

Султонов уларга Қозоғистон Афғонистонга беш минг тонна ун, озиқ-овқат ва дори-дармон кўринишидаги 1,9 миллион долларлик гуманитар ёрдам ажратганини айтди.

26 сентябрь куни Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхон Есенгелдиев Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки билан учрашди. Ўшанда маҳаллий ОАВ бу Қозоғистон вакилининг Толибон ҳаракати раҳбарияти аъзоси билан юқори даражадаги биринчи алоқаси эканлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Қозоғистон ТИВ хабарида радикал гуруҳ номи тилга олинмаган, Муттаки эса «Афғонистон муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи» сифатида қайд этилган.

Халқаро ҳамжамият Толибоннинг Афғонистонда ҳокимиятга қайтганидан сўнг Афғонистон ҳукмдори сифатида тан олиниши борасида тобора кучайиб бораётган дилеммага дуч келмоқда. Бироқ, экспертлар фикрича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий манфаатлар учун Толибон билан ҳамкорлик қилмоқда.

9 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қозоғистон «Афғонистон билан ишбилармонлик алоқалари»га тайёр эканини айтганди. 17 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Токаев «Афғонистоннинг янги ҳокимиятлари билан норасмий мулоқот» бошлаш тарафдори эди.

XS
SM
MD
LG