Ссылки доступа

Ўзбекистонда илк бор мисдан олинадиган даромад ошкор этилди


Ўзбекистон жорий йилда 148,5 минг тонн мис ишлаб чиқарди ва уни сотишдан 2,5 миллиард доллар даромад топди. Бу ҳақда Олмалиқ кон металлургия комбинатининг жамоатчиликка берган ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2029 йилга келиб комбинат “Ёшлик 1” конини ўзлаштириш орқали мис ишлаб чиқаришни 400 минг тоннага еткизмоқчи. Бу ҳолатда даромад миқдори 7-8 миллиард долларга етади.

Комбинатнинг билдиришича, 2030 йилга келиб жаҳонда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда.

“Ёшлик 1” конини ўзлаштириш натижасида мисдан ташқари 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқаришга эришилади.


Ҳисоботда Ўзбекистон қазиб олинган миснинг 60–70 фоизини хом ашё сифатида хориж давлатларига сотаётгани қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг тамал тошини қўйган эди.

Расман билдирилишича, 2024 йилда ишга тушириладиган мазкур мажмуада жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 894 миллион долларни ташкил қилади. 3-Мис бойитиш фабрикаси 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

XS
SM
MD
LG