Ссылки доступа

Алламжонов маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчиларни 15 суткага қамашни таклиф қилмоқда


Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ароқ ичган ҳолда автомобиль ҳайдаган шахсларни 15 суткага қамаш таклифи билан чиқди.

“Спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф қиламан”, деб ёзди К. Алламжонов ўз Телеграм-каналида.

Унинг фикрича, “йилига минглаб одамлар вафот этаётганини инобатга олиб, бу соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак”.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозирда маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчиларга энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдорида жарима солинади. Айни қоидабузарликни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз содир этган шахсга эса энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида жарима ёки 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайин этилиши мумкин.

К. Алламжонов бир неча йил аввал ҳайдовчиларни ўқитиш билан шуғулланувчи “Автотест” ширкатига асос солган. Эндиликда мазкур ширкат ёпилганини урғулаган К. Алламжонов шу йил октябрь ойида Ўзбекистондаги “автомактаблар соққа қилиш билан овора” эканини иддао қилиб чиққан эди.

XS
SM
MD
LG