Ссылки доступа

Толибон аёлларнинг сафарга маҳрамсиз чиқишини тақиқлаб қўйди


Толиблар афғонистонлик аёлларга 72 километрдан олис масофага ҳамроҳсиз сафарга чиқишни тақиқлаб қўйди.

Янги ташкил қилинган Яхшиликларга кўмаклашиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аёлларга олис сафарга фақат эри ёки яқин эркак қариндоши (маҳрами) билан чиқиш мажбуриятини юклади.

Вазирлик такси ва жамоат транспорти ҳайдовчиларига ҳижобсиз йўловчи аёлларни салонга олиш ва мусиқа қўйишни ман этган. Исми сир қолишини истаган кобуллик таксичи Озодликка Толибон қуролли вакиллари бир неча кун аввал шундай буйруқ берганини тасдиқлаган. 26 декабрь куни вазирлик расмий вакили Муҳаммад Содиқ Акиф ушбу кўрсатманинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Қувғиндаги афғонистонлик ҳуқуқ фаоли Ҳорун Раҳимий толиблар қарорини танқид қилган. “Бу таъқибларга йўл очади ва жамоат жойларини аёллар учун хавфли қилиб қўяди”, деб ёзган у Twitter’даги саҳифасида.

Афғонистонда ҳокимиятни босиб олганидан сўнг Толибон аввалги маъмурият даврида ташкил этилган Хотин-қизлар вазирлигини тугатди, аёлларнинг ҳуқуқларини кескин чеклаб қўйди. Аксар аёлларга ишлаш тақиқланган, кўплаб аёл-қизлар олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Толибон тузган муваққат ҳукумат таркибида биронта ҳам аёл йўқ.

XS
SM
MD
LG