Бу ҳақда Иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев 27 декабрь куни Бишкекдаги Ҳукумат уйи олдида юзга яқин одам ўтказган акция иштирокчилари билан учрашувда айтиб ўтди.
«Ҳозир халқ коррупцияга барҳам бериш ва адолатни, шаффофликни талаб қилмоқда. Бунга эришиш учун ККМ киритилади. Бундай қурилмалар ўрнатилиши билан Солиқ хизмати ходимларининг бозорларни текшириши, савдогарлар билан бевосита боғланиши, бу орқали пора талаб қилиши ва ҳоказолар йўқолади. Солиқлар тўланишини бир нуқтадан, марказлашган ҳолда назорат қилиш мумкин бўлади», — дея тушунтирди расмий.
Шунингдек, у Солиқ кодексининг янги таҳрири юзасидан тушунтириш ишлари кучайтирилишини қўшимча қилди.
Аввалроқ ККМ жорий этилишига қарши шундай пикетлар “Дордой”, “Таатан” ва “Дордой-Моторс» бозорлари савдогарлари томонидан ўтказилган эди. Бироқ, солиқ хизмати «назорат-касса машиналаридан фойдаланиш — давр талаби», деб ҳисоблайди, чунки бу «тадбиркорни касса ҳисоботларининг бутун тўпламини тузишдан қутқаради».
22 декабрь куни Жўқорғи Кенгес иккинчи уринишда 2022 йилда кучга кириши керак бўлган Солиқ кодексининг янги таҳририни тасдиқлади. Вазирлар Маҳкамаси бу хуфиёна иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган ва бизнеснинг замонавий талабларига жавоб беради, деб эълон қилади.