Ссылки доступа

Имомали Раҳмон тўртинчи бор Тожикистон МОҚ раҳбари этиб қайта сайланди


28 декабрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тўртинчи бор мамлакат Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб қайта сайланди.

Бу қарор 28 декабрь куни Душанбеда бўлиб ўтган МОҚ Бош ассамблеясининг ҳисобот йиғилишида бир овоздан қабул қилинди. Раҳмоннинг ўзи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун кеча Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлган.

МОҚ Бош ассамблеяси аъзолари қўмита раҳбариятини тўрт йил муддатга, 2024 йилгача сайлади. Тожикистон Миллий олимпия қўмитаси президенти лавозимига бу гал ҳам ягона номзод Имомали Раҳмон бўлди, у аввалроқ 2009, 2013 ва 2017 йилларда ушбу лавозимга сайланган эди.

Тожикистон Ёшлар ва спорт ишлари қўмитаси раиси, айни пайтда Тожикистон теннис федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Абдулло Раҳмонзода ва Тожикистон енгил атлетика федерацияси раиси Дилшод Назаров МОҚ вице-президенти этиб, Муҳаммадшо Абдуллозода эса Тожикистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби этиб сайланди.

Тожикистонлик спортчилар Ислом бирдамлик ўйинларида 3та бронза, яккакурашлар ва ёпиқ иншоотлардаги мусобақаларда 51 та медаль (3 та олтин, 14 та кумуш, 34 та бронза) ва Осиё ўйинларида 7 та (4 та кумуш, 3 та бронза) медални қўлга киритди.

Шу билан бирга, тожикистонлик спортчилар Токиодаги ХХХИИ ёзги Олимпиада ўйинларида медаллар қўлга кирита олмади ва шу билан бирга, Тожикистон собиқ иттифоқ республикалари ва Марказий Осиёдан медалсиз қолган ягона давлат бўлди.

Токио-2020 Олимпиадасида тожикистонлик спортчиларнинг ёмон ўйин кўрсатгани ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кескин танқид қилинди. Аммо терма жамоанинг ўйинига масъул мутасаддилар мутахассислар ва спорт мухлисларининг танқид ва таклифларига ҳеч қандай муносабат билдиришмади.

XS
SM
MD
LG