Ссылки доступа

Туркманистон мамлакатни тарк этиш қоидаларини қийинлаштирмоқчи


Государственная миграционная служба Туркменистана. Ашхабад.
Государственная миграционная служба Туркменистана. Ашхабад.

Туркманистон фуқароларнинг халқаро саёҳатига янги чекловлар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси мухбири Туркманистон Давлат миграция хизматидаги манбасига таяниб хабар берди.

«2022 йилдан бошлаб вояга етмаган болалари бор фуқароларга ҳам ишлаш, ҳам туризм мақсадида хорижга чиқиш тақиқланади. Миграция хизмати тегишли буйруқ олди», — деди Миграция хизмати ходими.

Туркманистонда 1,5 йилдан ортиқ вақтдан бери коронавирус пандемияси сабабли халқаро саёҳатлар чекланган. Кўриб чиқилаётган чекловлар амалдаги чеклов чоралари бекор қилинганидан кейин ҳам ўз кучида қолади деб тахмин қилинмоқда.

«Пандемия 2023 ёки 2024 йилларда тугаса ва халқаро саёҳатлар тикланса ҳам, бир қатор чекловлар сақланиб қолади ва мамлакат ташқарисига чиқиш қийинлашади», деди миграция хизмати расмийси.

«Бундан ташқари, уч авлод қариндошлари жавобгарликка тортилган шахслар ҳам чет элга чиқа олмайди», — дея қўшимча қилди у.

Туркманистондаги иқтисодий қийинчиликлар фонида кўп сонли туркман фуқаролари иш излаб хорижга кетмоқда.

2019 йил май ойида Туркманистон Давлат статистика қўмитасидаги маълумотли манбалари сўнгги 10 йил ичида Туркманистонни 1,9 миллионга яқин киши тарк этгани ҳақида хабар берган эди.

Шу йилнинг август ойида turkmen.news мустақил нашри ўз манбаларига таяниб, ҳукумат чиқиш визаларини жорий этиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Чиқиш визаси режими Туркманистон мустақилликка эришганидан кейин 15 йил давомида амалда бўлган, бироқ кейинчалик бекор қилинган.

Миграция хизмати ходимининг мухбиримизга маълум қилишича, кўриб чиқилаётган чекловлар нафақат вояга етмаган болалари бор фуқароларга, балки маҳкумларнинг яқинларига ҳам тегишли.

«Шунингдек, ҳукумат ота-онаси бюджет муассасаларида ишлайдиган фуқароларнинг четга чиқишини чеклаши мумкин. Ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг яқинларига ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланади. Янги чекловлар бошқа давлатларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлган фуқаролар сонини кескин камайтиради», — деди миграция хизмати ходими.

XS
SM
MD
LG