Ссылки доступа

Қирғизистон парламентининг янги чақириғи иш бошлади – депутатлар қасамёд қилди


29 декабрь куни Жўқорғи Кенгеснинг янги — VII чақириғи ўз ишини бошлади. Парламент мажлислари залида МСК раиси Нуржан Шилдабекова сайланган депутатларга гувоҳнома ва кўкрак нишонларини топширди, депутатлар қасамёд қилди.

Биринчи бўлиб бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланган 34 нафар ўз-ўзини кўрсатган депутатлар қасамёд қилдилар (яна иккита сайлов округида қайта сайловлар ўтказилиши белгиланган).

Сўнгра партиялар вакилларига сертификатлар топширилиб, қасамёд қабул қилинди. Ҳаммаси бўлиб, сайлов натижаларига кўра парламентга 6 та партия сайланган: «Ата Журт Қирғизистон» (15 ўрин), Ишеним (12), “Ынтымак” (9), «Альянс» (7), «Бутун Қирғизистон» (6), “Йиман-Нуру” (5).

Янги парламент бугун ҳам спикерни сайлаши кутилмоқда. «Озодлик» манбаларининг хабар беришича, бу лавозимга ягона номзод 6-чақириқ парламент спикери бўлган Талант Мамитов бўлади. «Бутун Қирғизистон» партияси етакчиси Адахан Мадумаров парламент спикери лавозимига ўз номзодини кўрсатиш имкониятини истисно этмади.

28 ноябрь куни Қирғизистонда 7-чақириқ Жўқорғи Кенгесга сайлов бўлиб ўтди. Бу сайловларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, сайловчилар мамлакат тарихида биринчи марта нафақат бирор партияга, балки унинг рўйхатидаги аниқ номзодга ҳам овоз беришлари мумкин бўлди. Шундай қилиб, 90 нафар депутатдан 54 нафари сайланди, улар Жўқорғи Кенгеснинг VII чақириғида ўтиришлари керак. Қолган 36 нафар парламентарий мамлакатнинг бир мандатли сайлов округлари вакили бўлади.

Жўқорғи Кенгеснинг ваколат муддати 2020 йил октябрь ойида тугади. Аммо октябрь воқеалари, парламент сайловлари натижаларининг бекор қилиниши ва мамлакатда ҳокимият алмашиши ортидан депутатлар ваколат муддатини узайтирди.

XS
SM
MD
LG