Ссылки доступа

Путин Байден билан телефон орқали гаплашишни сўради


Икки давлат делегациялари ўртасида Янги йил байрамларидан сўнг дарҳол хавфсизлик кафолатлари бўйича тўлақонли музокаралар режалаштирилганига қарамай, АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилади.

Бу ҳақда CНН АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Эмили Хорнга таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, қўнғироқ Россия президенти томонидан сўралган. Эмили Хорннинг сўзларига кўра, Байден «Россия ҳақида гап кетганда, етакчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот ўрнини боса олмайди» деб ҳисоблагани учун рози бўлган.

Шу билан бирга, МХХ матбуот котиби «Байден маъмурияти Россиянинг Украина билан чегарасида ҳарбий кучларини кучайтиришига жавобан умумий ёндашувни мувофиқлаштириш учун европалик иттифоқчилар билан фаол маслаҳатлашишни давом эттираётганини» таъкидлади.

17 декабрь куни Россия ҳукумати хавфсизликни таъминлаш бўйича иккита таклиф лойиҳасини тақдим этди. Бир ҳужжат НАТОга, иккинчиси АҚШга қаратилган. Москванинг асосий талаби НАТОнинг Шарққа янада кенгайишдан, яъни собиқ иттифоқ республикаларидан янги аъзоларни ташкилотга киритишдан ва уларнинг ҳудудларида ҳарбий базаларни жойлаштиришдан бош тортишидир.

Россия ҳукуматини Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётганликда ва унинг чегараларига ҳарбий техника ўтказишда айблаётган Ғарб билан муносабатларнинг кескинлашиши фонида Москва унга кафолатлар беришни талаб қилмоқда. АҚШ расмийлари Украина суверенитетига яна тажовуз қилинса, Москва мисли кўрилмаган қаттиқ санкцияларга дуч келишидан огоҳлантирди. Шу билан бирга, Байден маъмурияти Россия билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG