Ссылки доступа

Тожикистон парламенти олтин қазиб олувчи йирик корхонани солиқ тўлашдан озод қилди


Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари ҳукуматнинг «Зарафшон» тожик-хитой қўшма корхонасини асбоб-ускуналар ва технологиялар импорти учун ҚҚС ва божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Ушбу ҚК Тожикистон шимолида янги металлургия корхонасини қуради.

Тожикистон ҳукумати ва «Зарафшон» ҚК ўртасида мис-олтин концентратларидан прессланган оксидланиш йўли билан олтин ва мисни комплекс қазиб олиш бўйича металлургия заводини қуриш тўғрисидаги битим лойиҳасини депутатларга Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси Саъди Қодирзода таништирди.

Унинг сўзларига кўра, янги корхона Пенжикент шаҳрида қурилади ва амалдаги лицензиялар асосида «Зарафшон» ҚК ушбу ҳудудда жойлашган Қарор ва Жилов олтин конларини комплекс ўзлаштириш билан шуғулланади. Саъди Қодирзода келишувнинг асосий мақсади Тожикистон ҳудудида мис ва олтин концентратларини ишлаб чиқариш эканлигини таъкидлади.

Келишувга кўра, завод қурилиши учун 117 миллион доллар ажратилади, Тожикистон ҳукуматининг улуши 30 фоиз, «Зарафшон» ҚК улуши 70 фоизни ташкил қилади. Металлургия заводи қурилиши икки йил ичида — 2023 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда. Корхона йилига 165 минг тонна концентрат ишлаб чиқаради.

Айни пайтда Панжикентликлар «Зарафшон» қўшма корхонаси томонидан қурилаётган корхоналар маҳаллий экологияга салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдиришган. 2019 йил декабрь ойида Ҳумгарон қишлоғи аҳолиси ўз қишлоқларидаги тожик-хитой корхонасида қайта ишлаш полигони қурилишига қарши чиққан эди.

Қишлоқ аҳолисининг фикрича, корхона чиқиндиларини қайта ишлаш атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши, келажакда унумдор ерлардан, яйловлардан маҳрум қилиши мумкин. Бироқ маҳаллий ҳокимият ва «Зарафшон» ҚК раҳбарияти полигон қурилиши билан боғлиқ экологик хавфларни рад этди.

29 декабрь куни парламент қуйи палатаси депутатлари «Зарафшон» ҚК раҳбариятини янги корхона қурилишида барча экологик хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирди. Саъди Қодирзода ушбу банд келишув матнига киритилганини таъкидлади.

Тожикистондаги тоғ-кон саноатида бир неча йиллардан бери Хитой компаниялари устунлик қилмоқда. Улардан энг йириги «Зарафшон» Хитой-Тожикистон қўшма корхонаси бўлиб, унинг 75% улуши Хитойнинг “Zijin Mining Group Co” компаниясига тегишли.

XS
SM
MD
LG