Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Департаментнинг Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати Қирғизистон пойтахти Октябрь тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Телеграм мессенжери орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўта йирик ҳажмда сотилиши юзасидан текширув ўтказди.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу интернет-дўкон маъмури билан боғланган хавфсизлик кучлари Мефедрон моддасининг катта партиясини сотиб олишга рози бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ёзишмаларни олиб борган ва гиёҳванд моддаларни жойлаштирган фуқаро К. А. ушланган. Унинг Турусбеков кўчасида ижарага олинган хонадонида наркотик лабораторияси аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Мефедрон (1,5 кг) ва «Альфа PVP» (0,8 кг) психотроп моддалари олиб қўйилди. Уларнинг умумий қиймати 9 миллион 900 минг сомни ташкил этди.
Қўлга олинган шахс Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Мазкур ҳолат юзасидан суд-кимёвий экспертизалари тайинланган, шунингдек, бошқа шунга ўхшаш онлайн-дўконларни аниқлаш мақсадида гумонланувчининг электрон ахборот воситалари таҳлили ва текшируви ўтказилган. Шунингдек, мазкур жиноятга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича қатор тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2021 йилнинг 11 ойи давомида Қирғизистон Республикасида 3 тонна 605 килограмм гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар ноқонуний муомаладан олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Афғонистондан гиёҳванд моддалар Тожикистон ва Қирғизистон орқали Россия ва Европага тонналарда олиб ўтилади, бу канал «Шимолий йўналиш» деб аталади.