Ссылки доступа

Европа суди Россиядан “Мемориал”ни тугатиш жараёнини тўхтатиб туришни талаб қилди


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Россиядан “Халқаро Мемориал” ҳамда “Мемориал” ҳуқуқбонлик марказини тугатиш тўғрисидаги суд қарори ижросини тўхтатиб туришни талаб қилди. Бу ҳақда “Мемориал” вакилларига таянган ҳолда “Медиазона” хабар берди.

Ташкилотлар тугатишга, жумладан, уларнинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчиликни бузишда, аниқроғи – ўз материалларини тегишли тартибда эслатма бермасдан эълон қилишда айблангани сабаб қилиб кўрсатилган. Россия Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси “Мемориал” хорижий агент функцияларини бажариши ҳақидаги маълумотларни тизимли равишда яшириб келганини иддао қилган.

ИҲЕС “Халқаро Мемориал”, “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази ва Россиядаги бошқа НҲТлар томонидан хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилик устидан 2013 йилда берилган шикоят аризаси бўйича қарор чиқарилганидан кейингина бу ташкилотларни тугатиш мумкинлигини урғулаган.

Бир неча кун олдин Россия Олий суди “Халқаро Мемориал”ни тугатиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Россия ҳукуматининг мамлакатдаги энг эски ҳуқуқбонлик ташкилотларидан бирини тугатиш қарорига Нобель мукофотининг бир қанча совриндори, дунёда машҳур бўлган олим, ёзувчи ва мусиқачилар, шунингдек АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Европа Кенгаши қарши чиққан.

XS
SM
MD
LG