Ссылки доступа

Акром Раҳмонқулов 7,5 йилга ҳукм қилинди


29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов ва яна 26 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди.

Акрoм Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида, яъни 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Қолган 26 нафар судланувчига эса турли жарималар тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни кечқурун Жиззахда 3-6-қаватларида хонадонлар жойлашиши керак бўлган олти қаватли бино қулаб тушган эди. Қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шундан сўнг Қурилиш вазири Ботир Зокиров ушбу бино қурилишига изоҳ берар экан, «тўғридан-тўғри коррупцион схема»га ишора қилди.

15 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев айбни Акром Раҳмонқуловга юклаган ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш, амалдор ва унинг жамоасига нисбатан қонуний чоралар кўришни топширган.

Текширув давомида Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан амалга оширилган юзлаб миллиард долларлик йирик давлат буюртмаларини муассислари бўлиб чиққан компаниялар қабул қилиб олгани маълум бўлди.

22 январь куни Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов ва тендер комиссияси мансабдор шахслари ва хусусий корхоналарга нисбатан давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарликлар учун жиноят иши қўзғатилган.

Апрель ойида Ўзбекистон бош прокурори Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқуловга қарашли корхоналарда 12 миллиард сўм, шунингдек, 172 дўкон, 14 хонадон, 43 автомашина ва бошқа кўчмас мулклар ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG