Фуқаролик кийимидаги полиция ва хавфсизлик ходимлари бутун шаҳар бўйлаб жамоат жойларида кучайтирилган назорат ишларини олиб бормоқда. Айниқса, кўча ва бозорларда оммавий рейдлар яққол сезилади.
Икки кундан бери жамоат жойларида ниқоб тақиш устидан назорат кучайтирилгани кузатилмоқда. Бозорларда милиция ходимларининг сони кўпинча харидорлар сонидан ошиб кетади.
«Байрамали ва Мурғап этаплари бозорларига бутун вилоятдан милиция йиғилганга ўхшайди. Фуқаролик кийимидаги милиция ва хавфсизлик ходимлари харидорлардан кўра кўпроқ. Улар ҳамма жойда бўлиб, харидорларни диққат билан кузатиб туришади», дея хабар беради мухбиримиз.
Озодлик мухбири гувоҳи бўлган ҳолатлардан бирида мижоз сузма сотиб олишдан олдин уни татиб кўрмоқчи бўлган. У юзидаги ниқобни силжитишга улгурмасданоқ, полиция ходимлари дарҳол унга яқинлашиб, уни яқин атрофдаги автобусга олиб кетишди. Кейинчалик маълум бўлишича, у жаримага тортилган ва қўйиб юборилган.
Қўлга олинган мижознинг айтишича, полиция ундан ниқоб режимига риоя қилмагани учун 50 манат талаб қилган, у эса бундай пули йўқлигини тушунтириб, рад жавобини берган. Кейин милиция уни 10 манат эвазига қўйиб юборишга рози бўлган. Туркманистон Марказий банки курси бўйича 3,5 манат – 1 доллар.
Айни пайтда Мари полицияси ҳайдовчиларнинг ҳам ниқоб кийишига ишонч ҳосил қилмоқда. Ниқоблардан ташқари, йўл полицияси автомашинада биринчи тиббий ёрдам қутиси, ўт ўчириш мосламаси мавжудлигини текширади, шунингдек, фаралар ва бошқа қисмларнинг яроқлилигига эътибор беради.
Мухбирларга кўра, улар ҳар қандай баҳона билан ҳайдовчилардан ўртача 10-20 манат пул талаб қилади. Ҳеч қандай квитанция берилмайди.