Ссылки доступа

Глобал имомлар кенгаши мусулмонларга Пекин Олимпиадасида иштирок этишни тақиқлади


Глобал имомлар кенгаши 4–20 февраль кунлари Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари олдидан махсус баёнот билан чиқди. Унда мусулмонларга Олимпиада ўйинларига бориш тақиқлангани маълум қилинган.

Кенгаш Шинжонда “камситилаётган ва қийноққа солинаётган” мусулмонларни шу тариқа дастаклашга қарор қилган.

Баёнотни Россия, Уммон, Миср, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг бош муфтийлари, шунингдек Жаҳон уйғур конгресси раҳбари имзолашган.

“Глобал имомлар кенгаши – дунё мусулмонларининг биринчи ва дунёдаги энг йирик трансмиллий ноҳукумат ташкилотидир. Биз мазлум уйғур мусулмонларини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан биргамиз. Хитой ҳукумати жабр-зулм, қийноқлар ва диктатура воситасида маҳаллий мусулмонларнинг тамал ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этмоқда. Халқаро имомлар кенгаши Нажаф муқаддас ислом семинарияси ҳамда ислом оламининг буюк муфтийлари берган ваколатдан фойдаланиб, Пекин-2022 ўйинларида иштирок этишни тақиқлашга қарор қилди. Бу воқеа уйғурлар геноциди учун жавобгар бўлмиш мустабид ва золим режим манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилади”, дейилган баёнотда.

Унда “2022 йили Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларини бойкот қилаётган ташкилотлар сони ортаётгани” олқишланган.

Аввалроқ АҚШ ва яна қатор мамлакатлар Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилган эди.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Хитойнинг Шинжондаги мусулмон халқларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини “геноцид” деб атаган, Ғарбдаги айрим мамлакатлар ҳукуматлари Шинжондаги қатор юқори мартабали мулозимларига нисбатан санкциялар жорий этган.

Пекин эса бу айбловларни рад этиб, ўз хатти-ҳаракатларини – “экстремизмга қарши кураш”, уйғур, қозоқ ва қирғизлар қамалаётган лагерларни эса “қайта тарбиялаш марказлари” дея иддао қилиб келади.

XS
SM
MD
LG