Ссылки доступа

Туркманистонда қўлбола петарданинг портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди


Лебап вилоятининг Чоржўй этрапида қўлбола петарданинг портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳат олди.

Лебап ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, қўлбола портловчи қурилма азот билан ишлов берилган қоғоз билан тўлдирилган автомобиль амортизаторининг пистонидан тайёрланган. Портловчи мосламани ясаганликда гумонланиб маҳаллий пайвандчи ҳибсга олинган.

31 декабрь куни тунда янги йил арчаси ўрнатилган 12-ўрта мактаб яқинидаги Гушчулар қишлоғида (халқ орасида паррандачилик фабрикаси) кучли портлаш содир бўлди. Манбаларга кўра, қўлбола мосламасининг портлаши оқибатида икки нафар 14 ёшли ўсмир ва 40 ёшли эркак ҳалок бўлган. Камида бир боланинг қўли, портловчи модда ёнида бўлган катта ёшли эркакнинг оёғи жиддий жароҳат олган. Яна турли жароҳатлар билан 20 дан ортиқ одам Лебап вилояти шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, маҳаллий пайвандчи қўлбола портловчи қурилма ясаганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Ушбу воқеадан сўнг бутун вилоят бўйлаб дарҳол интернет ўчирилди, баъзи жойларда унинг тезлиги секинлашди. «Бу ахборот сизиб чиқишининг олдини олиш учун қилинган», деди манбамиз.

Туркманистонда петардалар ва феерверкларни сотиш тақиқланган. Ҳар йили янги йил байрамлари олдидан туркманистонлик болалар ва ўсмирлар қўлбола портловчи моддалар тайёрлайдилар.

XS
SM
MD
LG