Ссылки доступа

Тожикистон элчихонаси: Домодедово аэропортида қолиб кетган меҳнат муҳожирларининг аксарияти уйларига учиб кетишди


Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Домодедово аэропортида «қолиб кетган» тожикистонликларнинг аксарияти ватанларига учиб кетгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Россиядан депортация қилинган 40 дан ортиқ тожикистонлик муҳожирлар уч кундан бери Тожикистонга жўнаб кетишларини кутаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Муҳожирлар 1 январь куни ўз ватанларига учишлари керак бўлганини, бироқ номаълум сабабларга кўра Домодедово аэропортида аянчли аҳволда қолиб кетишганини айтди. Уларнинг сўзларига кўра, улар Россияга ишлаш учун учиб кетишган, бироқ уларнинг исм-шарифлари ушбу давлатга кириши тақиқланганлар рўйхатида бўлганлиги сабабли Россия Федерацияси давлат чегарасини кесиб ўта олишмаган.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси 3 январь куни кечқурун Россияга меҳнат муҳожирларини олиб келган ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар натижасида бу одамларнинг аксариятини Тожикистонга қайтаришга муваффақ бўлганини маълум қилди.

«Қолган йўловчиларни қайтариш масалалари ҳозирда Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда», — дейилади элчихона хабарида. Хабарда йўловчилардан қанчаси Тожикистонга қайтарилгани ва қанчаси Домодедово аэропортида эканлиги кўрсатилмаган.

Россия расмийлари бу борада ҳозирча изоҳ бермаган, бироқ муҳожирларнинг ўзлари уларнинг аксарияти ҳеч қандай сабабсиз депортация қилинганини айтишмоқда.

Сўнгги йилларда Россиядан 300 мингга яқин Тожикистон фуқароси депортация қилинган. Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, айни пайтда Тожикистон фуқаролари кўпинча ҳеч қандай сабабсиз, баъзан эса майда қонунбузарликлар учун депортация қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG