Ссылки доступа

Туркман чегарачилари билан Толибон жангарилари ўртасида тўқнашув юз берди


Жорий йилнинг 3 январь куни Туркманистон ва Афғонистон чегарасида туркман чегарачилари билан Толибон жангарилари ўртасида тўқнашув юзага келди, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати. Афғонистоннинг Жузжон вилояти Ҳамяп туманида яшовчилар отишмада ракеталар ҳам қўлланилганини маълум қилишган.

Ушбу маълумотни Афғонистон оммавий ахборот воситалари ҳам тасдиқлаган. TOLOnews нашрининг толиблар тузган ҳукумат вакилларига таянган ҳолда хабар қилишича, биринчи бўлиб туркман чегарачилари Толибон жангариларига қарата ўт очган. Иддаога кўра, толиблар воқеа жойига аввалроқ туркман чегарачилари ўлдирган маҳаллий турғуннинг ўлимини тафтиш қилиш учун борган.

ТАСС агентлигининг ёзишича, Жузжон вилояти ахборот ва маданият шуъбаси мудири Ҳилол Балхий Афғонистоннинг “Ҳашти субҳ” газетасига воқеани қуйидагича баён қилган:

“Уч кун олдин Туркманистон чегара хизмати ходимлари тинч аҳолидан бир кишини ўлдиришган ва яна бирини калтаклашган. Уларнинг воқеа бўйича олиб борилаётган тергов чоғида қилган хатти-ҳаракатларига жавобан Толибон жангчилари уларга ўқ узишган”.

Озодликнинг туркман хизмати билан боғланган маҳаллий турғун отишма бир неча соат давом этганини айтган. Толибон жангарилари Туркманистон тарафга бир нечта ракета йўллаган.

Томонларнинг ҳеч бири кўрилган талафот ҳақида маълумот берган эмас. Туркманистон ҳукумати эса чегарадаги отишма бўйича расмий изоҳ ҳам бергани йўқ.

Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, 29 декабрь куни туркман чегарачилари Абдулкарим исмли афғонистонлик этник туркманни ўлдиришган.

Бу Толибон 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни босиб олганидан бери радикал ҳаракат жангарилари билан туркман ҳарбийлари ўртасида содир бўлган илк тўқнашувдир.

Туркманистон ҳукумати Толибон қўшни мамлакатда иқтидорга келишидан анча олдин унинг раҳбарлари билан музокаралар олиб борган.

XS
SM
MD
LG