Олмаотадаги «Алмати Арена» спорт мажмуасида фаол Жанболат Мамай бошчилигидаги Демократик партияни яратиш бўйича гуруҳнинг акцияси бўлиб ўтди. Гуруҳ вакили Инга Иманбайнинг Озодликка айтишича, акцияга «жуда кўп одам» йиғилган. Йиғилганлар нархларнинг ошишига қарши бўлиб, аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш тарафдори эканликларини, 2 январдан бошлаб газ нархини пасайтириш талаби билан Манғистау вилоятида бўлиб ўтган намойишларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Намойиш бошланганидан бир неча соат ўтгач полиция намойишчиларни ҳибсга олишни бошлади. Иманбай таъкидлаганидек, аввал Жанболат Мамай ҳибсга олинган, шундан сўнг полиция бошқа намойишчиларни полиция машинасига ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган.
Тахминан ўша пайтда “Оян, Қозоғистон» ҳаракатининг ўнлаб аъзолари Олмаотадаги Биринчи Президент боғи ёнида худди шундай шиорлар билан акция ўтказган. Унинг иштирокчилари Жанаўзен ва Оқтаудаги намойишчиларни қўллаб-қувватладилар.
Фаол Айзат Абилсейтга кўра, Навоий кўчаси бўйлаб юриш қатнашчиларининг йўлини полиция тўсиб қўйган, бироқ фақат эркакларни ҳибсга олган. Полиция, унинг сўзларига кўра, Айзатни ерга йиқитган ва юзига урган. Хабар қилинишича, қўлга олинганлар Ауэзов ва Бўстандиқ туманларидаги милиция бўлимларига олиб кетилган.
Ғарбий Қозоғистонда 2 январдан бери «газ» норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Минтақадаги аксарият автомобилларни қувватлантирадиган суюлтирилган газ нархи ошиши ортидан Манғистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳрида оммавий норозилик бошланди. Намойишлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олгач, шаҳарларда полиция хавфсизлик чораларини кучайтирди, фаоллар ва ОАВ вакилларини ҳибсга олиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.
4 январь куни Қозоғистоннинг бир қанча шаҳарларида мухолифат эълон қилган «митинг жойлари»да юздан ортиқ одам ҳибсга олинган. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳаракатлар юзасидан қўлга олинганлар сони ҳақида маълумот бермаяпти.