Ссылки доступа

Расмий Сеул ва Токио Шимолий Корея баллистик ракета учирганини иддао қилди


Шимолий Корея Япон денгизи тарафга камида битта номаълум снаряд учирган ва у баллистик ракета бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотига таянган ҳолда Yonhap агентлиги хабар қилди.

Япония соҳил мудофааси хизмати маълумотига кўра, ракета парчалари денгизга тушган. Япония Мудофаа вазирлиги ракета тахминан 500 километр учиб, Япония иқтисодий зонасидан ташқарига қулаганини маълум қилган.

Жанубий Корея Миллий хавфсилик кенгаши фавқулодда йиғилишга тўпланган. Кенгаш аъзолари КХДРни музокара столига ўтиришга чақирганлар. Япония ҳукумати ҳузурида махсус штаб тузилган.

Шимолий Корея ракета учирилганига оид маълумотни тасдиқлаганича йўқ. Бу 2022 йилда КХДР томонидан учирилган биринчи ракета экани тахмин қилинмоқда. 2021 йил мобайнида мамлакат камида тўққизта ракета синовини ўтказган.

Ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарида Пхеньян денгизда олиб юриладиган баллистик ракетани синаган эди. Бунга қадар КХДР ракеталардан тўртта турини, жумладан янги зенит ракетасини ҳамда гипер товушдан тез учар ракетани синов тариқасида учирган.

Шимолий Корея ракета ва ядровий дастурлари туфайли АҚШ ва БМТ санкциялари остида қолмоқда. Ўтган ҳафтада КХДР етакчиси Ким Чен Ин иқтидордаги партия йиғилишида “мамлакат ўз ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этади”, дея урғулаган эди.

XS
SM
MD
LG