Ссылки доступа

Туркманистоннинг Кобулдаги элчихонаси туркман-афғон чегарасидаги тўқнашувларни рад этди (видео)


Туркманистон элчихонасининг 4 январь куни қилган баёнотида, шу ҳафта бошида туркман-афғон чегарасида тўқнашувлар бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Душанба куни Афғонистон шимолидаги Жаузжон вилоятининг Хамёп тумани аҳолиси Туркманистон-Афғонистон чегарасининг Гаркин тумани яқинидаги қисмида туркман чегарачилари ва «Толибон» жангарилари ўртасида тўқнашув бўлганини маълум қилди.

Кейинроқ бу хабарларни афғон матбуоти ҳам тасдиқлади. ТОЛОнеwс телеканали Толибон вакилларига таяниб, туркман ҳарбийлари ва толиблар ўртасидаги тўқнашув 3 январь куни бўлиб ўтганини маълум қилди.

Россиянинг ТАСС агентлиги Афғонистоннинг «Ҳашт-эсубҳ» газетасига таяниб, Жузжон вилояти ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Хилол Балхийнинг отишма содир бўлганини тасдиқлаган сўзларини тарқатди.

«2022 йил 3 январь куни айрим оммавий ахборот воситаларида Туркманистон-Афғонистон чегарасидаги вазият ҳақида тасдиқланмаган ва ноаниқ маълумотлар пайдо бўлди», — дейилади Туркманистоннинг Кобулдаги элчихонаси баёнотида.

Баёнотда «Туркманистон-Афғонистон чегараси дўстлик чегараси» эканлиги қайд этилган.

Туркманистон-Афғонистон чегарасидаги тўқнашувдан бир кун ўтиб, 4 январь куни «Озодлик» радиосига Афғонистоннинг Гаркин вилоятидан 3-4 кун аввал суратга олингани айтилаётган видео келиб тушди.

Видеода Толибон жангарилари чегарани қўриқлаётгани, Туркманистон ҳудудидаги тиканли симларнинг нариги томонида эса ҳарбий машина, афтидан, зирҳли транспортёр борлигини кўриш мумкин. Видеодаги постда туркман аскари ҳам борлиги кўрсатилган. Видеода Толибон жангариларининг туркман чегарачиси билан сўзлашаётгани ҳам тасвирга олинган.

“Talyban” söweşijileri türkmen-owgan serhediniň ugrunda patrullyk edýär
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:01:50 0:00

Видеони тақдим этган маҳаллий фуқаро хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилишни истамади.

Толибон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Каҳар Балхий ҳам 4 январь куни Твиттердаги саҳифасида Афғонистон-Туркманистон чегарасида тўқнашувлар бўлганини рад этди.

Бироқ бундан олдин, 3 январь куни Толибоннинг яна бир вакили, Жузжон вилояти ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Хилол Балхий тўқнашув бўлганини тасдиқлаган эди.

2021 йил август ойи охиригача АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши эълон қилингач, радикал Толибон мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди. Афғонистоннинг янги маъмурияти ҳали дунёнинг ҳеч бир давлати ва БМТ томонидан тан олинмаган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси Афғонистон билан боғлиқ камдан-кам баёнотларда «Толибон» сўзини тилга олишдан қочмоқда.

XS
SM
MD
LG