Ссылки доступа

Қирғизистон расмийлари Қозоғистон билан чегарани ёпиш ҳақидаги хабарларни рад этди


Айни пайтда Қирғизистон-Қозоғистон чегараси орқали ўтиш, жумладан, юк ташиш одатдагидек амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев Қозоғистон томонидан чегаранинг ёпилиши эҳтимоли ҳақидаги хабарларга изоҳ берганида маълум қилди.

Султонбоевнинг қайд этишича, ҳеч бир томон, коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича мавжуд бўлган чекловлардан ташқари, қўшимча чекловлар жорий этмаган.

Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида бир неча кундан бери оммавий норозилик намойишлари тинмаяпти, шу муносабат билан ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида Қозоғистон томони чегараларни ёпиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар билдирилмоқда.

2 январь куни Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи кескин кўтарилганидан сўнг бошланган норозилик намойишлари бошқа вилоятларга ҳам тарқалди. 5 январь куни Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқди, бу эса намойишчиларнинг талабларидан бири эди. Бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Энг оғир вазият Олмаотада бўлди, у ерда намойишчилар шаҳар маъмурияти, прокуратура ва аэропорт биноларини эгаллаб олишди. 6 январга ўтар кечаси ўғирликлар бошланди, шундан сўнг президент Қасим-Жомарт Тоқаев «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилди ва тартибни тиклаш учун КХШТдан ёрдам сўради. Унинг сўзларига кўра, «террорчи тўдалар аслида халқаро» ва «уларнинг Қозоғистонга ҳужуми тажовузкорлик ҳаракати сифатида баҳоланиши мумкин ва керак». КХШТ Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG