Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қозоғистон президентининг мурожаати муносабати билан вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучларини республикага юборишга қарор қилганини маълум қилди.
«Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мурожаати муносабати билан ҳамда Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлиги ва суверенитетига, хусусан, ташқи аралашув натижасида юзага келган таҳдидни ҳисобга олиб, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши, Коллектив хавфсизлик шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучларини чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборишга қарор қилди», — деб ёзди Пашинян Facebookда.
Пашинян ҳозирда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси ҳисобланади.
Расмий маълумотларга кўра, КХШТ тинчликпарвар кучларининг умумий сони 3600 нафарга яқин. Бу контингентлар КХШТ тинчликпарвар операцияларида қатнашиш учун мўлжалланган. Тинчликпарвар кучларни жалб қилиш учун ташкилотга аъзо давлатлар ўз миллий қонунчилигига мувофиқ доимий асосда тинчликпарвар контингентларни ажратадилар.
КХШТга аъзо давлатларнинг тинчликпарвар контингентлари махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар, полиция ва фуқаролик ходимлари, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан КХШТ тинчликпарвар кучларига тақдим этилган куч ва воситалардан иборат.
Россия Федерацияси Қуролли Кучларида Марказий ҳарбий округ таркибига кирувчи алоҳида тинчликпарвар бригадаси мавжуд бўлиб, у Самара вилоятида жойлаштирилган.
КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ташкилотга аъзо давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилганди.
Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси Леонид Калашниковнинг сўзларига кўра, КХШТ тинчликпарвар кучлари «Қозоғистон президенти зарур деб ҳисоблаган вақтгача Қозоғистонда қолиши мумкин».
«КХШТ асосан объектлар, инфратузилма ва ҳоказолар хавфсизлигини таъминлайди», — деди қўмита раҳбари.
Қозоғистонда норозилик намойишлари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан сўнг бошланди. 4 январь куни Қозоғистонда полиция ҳамда газ нархининг кескин ошганига қарши чиқаётган намойишчилар ўртасида тўқнашувлар кузатилди.
Кейинчалик газ нархи туширилгани маълум қилинди. Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев намойиш ўтказаётганлардан провокацияга учмасликни сўраган, митинг ўтказишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари борлигини, айниқса ҳиссиётга бериладиган ёшлар қалтис ва қонунга зид ҳаракатлар билан ўз келажагига салбий таъсир кўрсатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.