Ссылки доступа

Қозоғистон ИИВ Олмаотадаги Республика майдони «тозалангани»ни маълум қилди


Олмаотадаги Республика майдони «жиноий гуруҳлардан тозаланди», деб ёзади “Информбюро” Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига таяниб.

Озодлик радиосига кўра, Республика майдонида одамларга қарата ўқ узилган. Майдонда аввал турли норозилик намойишларида қатнашган фаоллар бўлган.

Журналист Ануар Донияровга кўра, маҳаллий вақт билан соат 18:43да Назарбоев шоҳ кўчасидан зирҳли техника яқинлашиб келган ва улар намойишчиларга ўқ узган. Донияровнинг сўзларига кўра, унинг ёнидаги эркак ўпкасидан жароҳат олган ва шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган.

Демократик партияни ташкил этиш ташаббускор гуруҳи вакили Айгерим Толеужаннинг сўзларига кўра, майдонга келганларнинг аксарияти қуролсиз ёшлардир. Намойишчилар махсус инқироз штабини ташкил этиш, КХШТ ҳарбийларини олиб келишдан бош тортиш, ҳукумат истеъфога чиқиш, аҳолини талончи провакаторлардан ҳимоя қилиш учун фуқаролик жамияти ва милиция бўлинмалари вакили бошчилигида муваққат ҳукумат тузишни талаб қилди.

«Спутник Қозоғистон» агентлиги хабарига кўра, кўчаларда полиция ва Миллий гвардия отрядлари томонидан патруль хизмати кучайтирилган, назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилган. «Қуролни ташлаш ҳақидаги қонуний талабларга қуролли қаршилик кўрсатилса, улар йўқ қилинади», — дейилади Спутник Қозоғистон агентлиги хабарида.

Аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситалари Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига таяниб, бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар пайтида 18 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳалок бўлгани, 748 нафари яралангани, шунингдек, вазирлик 2298 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. .

XS
SM
MD
LG