Ссылки доступа

Олмаотада майдондаги намойишларга автоматлардан ўқ узилди. Ўлганлар ва яраланганлар бор


Хабар қилинишича, Олмаотадаги марказий Республика майдонида одамларга қарата пулемётдан ўқ узилган. Майдонда аввал турли норозилик намойишларида қатнашган фаоллар бўлган.

Журналист Ануар Донияровга кўра, маҳаллий вақт билан соат 18:43да зирҳли техника Назарбоев хиёбонидан яқинлашиб, улардан пулемётлардан ўқ узган. Фаоллар Марат Турымбетов ва Айгерим Толеужан ҳам отишмани тасдиқлади. Ўша пайтда улар майдонда бўлган.

Ануар Донияровнинг сўзларига кўра, камида бир киши ҳалок бўлган. Ўпкасидан ўқ жароҳати олган журналистнинг ёнида бўлган эркак шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Марҳум 18-20 ёшлар атрофидаги йигит эди.

Демократик партияни ташкил этиш ташаббускор гуруҳи вакили Айгерим Толеужаннинг сўзларига кўра, майдонга келганларнинг аксарияти қуролсиз ёшлардир.

Намойишчилар махсус инқироз штабини ташкил этиш, КХШТ ҳарбийларини олиб келишдан бош тортиш, ҳукуматни истеъфога чиқишини, аҳолини талончи провакаторлардан ҳимоя қилиш учун фуқаролик жамияти ва милиция бўлинмалари вакили бошчилигида муваққат ҳукумат тузишни талаб қилди.

Яқин атрофда яшовчи одамларнинг сўзларига кўра, майдонда граната портлашлари ҳам эшитилмоқда. Фаол Марат Турымбетовга кўра, беш киши жароҳатланган.

Майдон яқинида яшовчи фаол Белла Ўринбетовага кўра, Сатпаев кўчаси бўйлаб бешта патруль машинаси, учта зирҳли транспортёр ва уч юк машинаси аскарлари билан пастга тушмоқда.

2 январь куни мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархининг бирданига икки баравар ошишига қарши норозилик намойишлари бошланди. Одамлар мамлакатда нархлар кескин ошганидан норозилигини билдирди.

Намойишчилар сиёсий талаблар, жумладан ҳукумат истеъфоси ва 1993 йилги Конституцияга қайтиш каби талаблар билан чиқди.

5 январга ўтар кечаси Олмаота шаҳридаги Республика майдонига минглаб одамлар нархлар ошишига қарши норозилик билдиришди. Хавфсизлик кучлари уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланган. Кечаси мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам норозилик намойишлари давом этди.

Олмаотада ўнлаб дўконлар, супермаркетлар ва банк филиаллари талон-тарож қилингани хабар қилинди. 5 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент Тоқаев содир бўлаётган воқеаларда айрим «террорчи тўдалар»ни айблади, шунингдек, бу одамлар «чет элда» тайёргарликдан ўтганини айтди. У ўз сўзлари учун ҳеч қандай далил келтирмади. Қозоғистон президенти «давлат яхлитлигига путур етказиш мақсадидаги тажовуз» муносабати билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатларга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтди. Мамлакатда 19 январга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

КХШТ «давлат институтларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам кўрсатиш» мақсадида Қозоғистонга қўшинларни ўтказишни бошлаганини маълум қилди. Россия ва Беларус ҳаво-десант бўлинмаларини юборди.

5 январь куни соат 17:00 дан ярим тунгача мамлакатда интернет узилди. 6 январга ўтар кечаси Олмаотада «аксилтеррор операцияси» бошлангани эълон қилинди. Шаҳар билан деярли алоқа йўқ.

XS
SM
MD
LG