Ссылки доступа

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси аҳолидан Қозоғистонга ҳарбий хизматчиларни юбориш таклифини тушунишни сўради


Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қирғиз халқига Қозоғистонга ҳарбий контингент юбориш қарорига «тўлиқ тушуниш ва масъулият билан» қарашни сўради.

Вазирлар Маҳкамаси Қозоғистоннинг яқин қўшниси ва стратегик иттифоқчиси сифатида Қирғизистон ўзининг қонуний органларининг ёрдам чақирувини рад этишга ҳаққи йўқлигини ва КХШТ доирасидаги мажбуриятларини керакли даражада бажаришини билдирди.

Кенг тарқалган баёнотда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси сўнгги лаҳзагача Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг ҳеч қандай ташқи аралашувларсиз ўз-ўзидан ички масалаларни ҳал қила олишига ишонч билдирганини тушунтирди. Бироқ кеча тунда Бишкекка Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевдан КХШТ доирасида ёрдам кўрсатиш бўйича расмий мурожаат келиб тушди. Маслаҳатлашувлардан сўнг Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар амалиётида иштирок этиш мандати билан чекланган қуролли кучлар контингентини юбориш масаласини парламент муҳокамасига қўйишга қарор қилди.

«Шу билан бирга, Қирғизистон ҳарбий бўлинмасининг роли стратегик объектларни қўриқлаш билан қатъий чекланиб, тинч аҳоли билан ўзаро алоқалар ёки жамоат тартибини таъминлаш масъулиятини ўз ичига олмаслик керак», — дея ишонтирди Вазирлар Маҳкамаси.

6 январь куни Жогорку Кенеш Қозоғистондаги воқеалар муносабати билан фавқулодда йиғилишга йиғилиб, Қирғизистоннинг КХШТ миссиясидаги иштироки масаласини муҳокама қилиши керак эди. Бироқ кворум йўқлиги сабабли йиғилиш 7 январга кўчирилди.

Айни пайтда, 6 январь куни Бишкекдаги Оқ уй олдида Қирғизистон ҳарбийларининг КХШТ тинчликпарвар кучлари таркибида Қозоғистонга жўнатилишига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди.

Намойишчилар Қозоғистондаги воқеалар Қирғизистон иштирок этмаслиги керак бўлган ички сиёсий масала, деб ҳисоблайди. Улар Қирғизистоннинг КХШТдан чиқишини ҳам талаб қилмоқда.

6 январга ўтар кечаси Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев оммавий норозилик намойишлари фонида «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилди ва КХШТдан тартибни тиклашда ёрдам сўради. Унинг сўзларига кўра, «террорчи тўдалар аслида халқаро» ва «уларнинг Қозоғистонга ҳужуми тажовузкорлик ҳаракати сифатида баҳоланиши мумкин ва керак». КХШТ Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. 6 январдан бошлаб республикага Россия ҳарбий хизматчилари кела бошлади.

XS
SM
MD
LG