Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти Қозоғистонга қўшин юборишга қарор қилди


Kyrgyzstan - Jogorku Kenesh, parliamentary, January 7, 2022

Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда депутат Дастан Бекешев ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Унга кўра, депутатлар икки марта овоз беришган, биринчи марта қарор қабул қилинмаган. Хабарга кўра, 55 депутат қарорни маъқуллаган, 11 нафари «қарши» овоз берган.

«Аммо айрим депутатлар яна овозга қўйишни сўрашди, иккинчи марта 69 нафари ёқлаб, 7 нафари қарши овоз берди. Қарорда айтилишича, биз 150 нафар аскарни чекланган муддатга Қозоғистонга жўнатамиз», деди депутат.

Унинг қўшимча қилишича, ўзи ҳам бу қарорга қарши овоз берган.

Йиғилишдан сўнг Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев журналистларга президент Садир Жапаровнинг КХШТ доирасида Қозоғистонга ҳарбий хизматчиларни юбориш тўғрисидаги таклифини депутатлар маъқуллаганини тасдиқлади. Унга кўра, энди ҳарбий хизматчиларни жўнатиш вақти ҳал қилинади.

7 январь куни Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатлари Қозоғистонга ҳарбий хизматчиларни юбориш масаласини муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари йиғилишга йиғилди. Учрашув бошидан тўғридан-тўғри трансляция қилинган бўлсада, кейинроқ депутатлар муҳокамани ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришга қарор қилишди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 150 нафар ҳарбий хизматчи, 8 та бронетехника ва 11 та ҳарбий техникани юбориш таклиф этилганини маълум қилди. У «қўшинлар муҳим давлат объектларини қўриқлайди, лекин митингларни тарқатишда ёки тартибни тиклашда қатнашмайди», деб ишонтирди.

Муҳокама чоғида парламент биноси олдида Қозоғистонга ҳарбий хизматчиларни юбормаслик талаби билан пикет ўтказилди.

2 январь куни Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи кескин кўтарилганидан сўнг бошланган норозилик намойишлари бошқа вилоятларга ҳам тарқалди. 5 январь куни Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқди, бу эса намойишчиларнинг талабларидан бири эди. Бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди.

XS
SM
MD
LG