Ссылки доступа

Туркманистон: ҳукумат фуқароларни намойишларда қатнашмасликка чақирмоқда


Мари вилоятининг Байрамали этрапи расмийлари мамлакат ташқарисида истиқомат қилаётган туркман фуқароларининг қариндошлари билан суҳбатлар олиб бориб, чет элдаги қариндошларини ҳукуматга қарши гуруҳларда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантиришни талаб қилмоқда.

Шунингдек, расмийлар VPN дастурларини блокировка қилишга уринишларини яна бир бор кучайтирдилар. VPN чеклови Тошҳовуз вилоятининг айрим туманларида ҳам кузатилган. Бу қўшни Қозоғистонда суюлтирилган газ нархининг ошиши туфайли юзага келган оммавий норозилик намойишлари фонида содир бўлмоқда.

«Озодлик» радиосининг Маридаги мухбирининг сўзларига кўра, сўнгги кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қариндошлари бошқа мамлакатларда яшовчи фуқароларнинг уйларини айланиб чиқишган.

«Улар уч кишилик гуруҳ бўлиб, 2 январдан бошлаб кезиб юришибди. Улардан иккитаси фуқаролик кийимида, учинчиси одатда полиция лейтенанти унвонига эга маҳаллий участка нозири. Одамлар фуқаролик кийимидаги бу икки шахсни Миллий хавфсизлик вазирлиги ёки Миграция хизмати ходимлари деб тахмин қилмоқда», деди 6 январь куни мухбиримиз билан аноним суҳбатда ўғли хорижда ўқиб ишлаётган Байрамали фуқароси.

Байрамали аҳолисига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқаролардан хорижий давлатлардаги қариндошларини ҳукуматга қарши гуруҳларга қўшилмаслик ҳақида огоҳлантиришни талаб қилмоқда.

Туркманистон ҳукумати хориждаги фуқаролар ҳақидаги статистик маълумотларни эълон қилмайди. Аммо Озодлик манбаларига кўра, сўнгги 10 йил ичида 2019 йилнинг январигача Туркманистонни 2 миллионга яқин фуқаро тарк этган.

Туркманистонда кескинлашаётган иқтисодий муаммолар ва турмуш даражасининг пасайиши минглаб фуқароларни меҳнат миграцияси ёки бошқа давлатларга доимий яшаш учун кетишга мажбур қилмоқда.

Айни пайтда мухбиримиз Мари ва Тошҳовуздаги манбаларига таяниб, VPN дастурларини блокировка қилиш чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар беради.

Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни мамлакат ғарбидаги Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши муносабати билан бошланди. Намойишчиларнинг талаблари секин-аста ижтимоий норозиликдан сиёсий ва оммавий норозиликларга айланиб, бутун Қозоғистонда бошланди.

XS
SM
MD
LG