Ссылки доступа

Қирғизистон ТИВ Қозоғистон элчисига террорчиликда айбланган мусиқачининг ҳибсга олиниши муносабати билан нота топширди


Музыкант Викрам Рузахунов
Музыкант Викрам Рузахунов

9 январь куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рапил Жошибаевга Қирғизистон фуқароси Викрам Рузахуновнинг ҳибсга олингани юзасидан нота топширди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжатда «қўлга олинган шахсга консулликка киришини таъминлаш ва уни имкон қадар тезроқ қўйиб юбориш» чақириқлари мавжуд. «Ўз навбатида Қозоғистон элчиси Қирғизистон томонининг хавотири Қозоғистон Республикаси ТИВ раҳбариятига зудлик билан етказилишини таъкидлади ва яқин орада батафсилроқ маълумот беришга ваъда берди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, дипломат, шунингдек, Қозоғистоннинг ваколатли органлари «ҳозирги оғир вазиятда» содир бўлган воқеанинг барча ҳолатлари ва сабабларига ойдинлик киритиш учун ҳар томонлама чуқур текширув ўтказишига ишонтирган.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниязалиев қозоғистонлик ҳамкасби Марат Сыздиков ва элчи Жошибаев билан телефон орқали гаплашиб, «қирғиз томонининг ушбу фуқаро билан боғлиқ вазиятдан ўта хавотирда эканлигини» билдирди. «У Қозоғистон томонини мамлакатдаги сўнгги воқеаларда хорижий фуқароларнинг иштироки бўйича тасдиқланган ва ишончли маълумотларни эълон қилишга чақирди», — дейилади ТИВ баёнотида.

Қирғизистон Республикаси ТИВ Консуллик хизмати департаменти директори Викрам Рўзахуновнинг яқинлари билан учрашди ва ТИВ «бу фуқарони имкон қадар тезроқ озод қилиш учун барча чораларни кўради» деб ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, 9 январь куни Қозоғистоннинг Qazaqstan Ұлттық Телеарнасы телеканали мамлакатдаги сўнгги тартибсизликларда гумонланиб ҳибсга олинган шахс «Қозоғистонга митингда қатнашиш учун келганини» тан олгани ҳақидаги видеони эълон қилди. Ҳибсга олинган шахснинг исми кўрсатилмаган бўлсада, қирғиз халқи уни мамлакатдаги машҳур жаз мусиқачиси ва пианиночи Викрам Рўзахунов эканлигини билди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ижрочининг яқинларига таяниб, у тез-тез Олмаота шаҳрида гастролларда бўлгани ва янги йил арафасида у ерга концерт дастурларини ўтказиш учун таклиф қилингани ҳақида хабар берди. “Олмаотага чипта 2021 йил 16 декабрда харид қилинган ва 2 январь куни соат 20:00 да Олмаота шаҳрига учиб кетган», — дейилади департаментда. Кўриб чиқилаётган видеода эркак 1 январь куни номаълум шахслар унга қўнғироқ қилиб, 90 минг тенге таклиф қилгани, 2 январь куни эса унга Олмаота шаҳрига чипта сотиб олингани, у ерда Тожикистондан келган муҳожирлар ҳам бўлган квартирага жойлашгани ҳақида хабар беради.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Бишкекда Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси ёнида ўтказилган митингда Викрам Рўзахунов ҳеч қачон тартибсизликлар, кўча юришлари ва бошқа ҳаракатларда қатнашмаганига ишонтирди. «Биз Қозоғистон давлат телеканаллари орқали тарқатилаётган маълумотлар нотўғри, деб ҳисоблаймиз. Қирғизистон давлат идоралари томонидан биз масъулият билан айтишимиз мумкинки, Викрам Рўзахунов ҳеч қандай террорчи эмас», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Шу билан бирга, Қамчибек Ташиев Қозоғистон давлат органларини «тергов риторикасини ўзгартиришга» чақирди. «Фуқароларимизни терроризмда айблаш нотўғри. Мен масъулият билан айтишим мумкинки, мамлакатимиз ҳудудида террорчи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас... Мен расман эълон қиламан: биронта ҳам террорчи бирон бир махсус тадбир ўтказиш учун Қозоғистонга бора олмайди“, деди у.

XS
SM
MD
LG