Ссылки доступа

Евроиттифоқ Қозоғистонни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди ва мамлакатга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жосеп Боррел Қозоғистондаги вазиятга муносабат билдирар экан, Европа Иттифоқи мамлакатга вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

«Биз муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз», деди европалик дипломат.

Боррелл зўравонлик ҳаракатларини танқид қилиб, одамларнинг ҳалок бўлганидан афсусда эканлигини билдирди.

У Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар ва Россияни Қозоғистон мустақиллигини ҳурмат қилишга чақирди. «Қозоғистон мустақиллиги ва яхлитлиги, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш учун ташқаридан ҳарбий ёрдам жалб этилиши керак. Биз Қозоғистон ҳукуматини ушбу оғир даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, тинч йиғилишлар ўтказиш ва ахборот олиш ҳуқуқини сақлашга чақирамиз», — деди Боррелл.

Аввалроқ Қўшма Штатлар Қозоғистондаги зўравонликларни қоралаб, бу давлат ҳукумати ва намойишчиларни вазминликка ва можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эди.

КХШТ қўшинлари Қозоғистонга (унинг ўзи ҳам ташкилот аъзоси) ушбу мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан қатор вилоятлардаги норозилик намойишлари қонли тўқнашувларга айланганидан кейин олиб келинган. Тоқаев мамлакат «террорчилар» томонидан ҳужумга учраганини айтди ва аслида намойишларни ташқи тажовузга қиёслади. Россия Мудофаа вазирлиги Қозоғистондаги россиялик ҳарбийлар «маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армия бўлинмаларининг тезкор ва жанговар фаолиятида иштирок этмаслигини» даъво қилмоқда. Россия президенти Владимир Путин вазият ҳақида очиқ баёнот бермади.

Тинч намойишлар қандай тартибсизликларга айлангани, қурол-яроғни айнан ким ўз қўлига олгани ва ҳуқуқ-тартибот кучлари билан тўқнашувларга киришгани ҳақида аниқ фактлар ҳозирча мавжуд эмас. Қозоғистон расмийлари Олмаота шаҳрига хорижда тайёргарликдан ўтган гўёки «20 минг террорчи» ҳужум қилгани, шу муносабат билан Тоқаев Россия ва унинг КХШТ блокидаги иттифоқчиларидан ёрдам сўраганини айтди.

Мустақил журналистлар ва маҳаллий аҳолига кўра, Олмаотада ҳамон ўқ овозлари эшитилади, бироқ умумий вазият расмийлар назоратида. Ҳозир ҳеч қандай норозиликлар ўтказилмаяпти.

XS
SM
MD
LG