Ссылки доступа

Беш тожикистонлик аёл Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбланиб, судланди


Тожикистон судлари беш аёлни Афғонистондаги жангларда иштирок этганликда айблаб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Расмийлар жиноий ишларнинг барча тафсилотларини расман ошкор этмаяпти.

Озодлик радиоси манбасининг айтишича, аёллар ўтган йилнинг ёзида Афғонистондан Тожикистонга олиб келинган. Уларга қўйилган асосий айблов Афғонистондаги «Исломий давлат» экстремистик гуруҳи ёки ИШИД билан ҳамкорликдир, бироқ маҳкумларнинг адвокатлари ва аёлларнинг ўзлари бу айбловни рад этишади.

Расмийлар бу ҳолатлар бўйича ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот бермаган бўлсада, Озодлик радиоси бу аёлларнинг исм-шарифлари ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганини (2 нафар аёл 12 йил ва 4 нафар аёл 14 йил) аниқлади.

Манбаларга кўра, аёллар ўтган йилнинг 8 июлида Афғонистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган ва 2021 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида судланган. Уларга ҳукм Душанбе шаҳри, пойтахт Сино вилояти ва Вахдат шаҳар судлари томонидан чиқарилган.

Айни пайтда Афғонистонда «Исломий давлат» гуруҳининг «Хуросон» бўлими фаолият юритмоқда. 2015 йилда Сурия ва Ироқда ушбу экстремистик гуруҳ мағлубиятга учрагач, Тожикистон фуқароларининг бир қисми Афғонистонга қочиб, ушбу гуруҳга қўшилган.

Бунгача бир неча тожикистонлик аёллар Ироқда ИШИДга аъзоликда ва ушбу экстремистик гуруҳ билан ҳамкорликда айбланиб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Тожикистонлик аёлларнинг яна бир гуруҳи ИШИД мағлубиятга учрагач, курдларнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари қўлига ўтиб, Суриядаги лагерларда сақланмоқда. Бу аёллар бир неча бор ҳибсдаги оғир шароитлардан шикоят қилиб, Тожикистон ҳукуматини уларни ватанларига қайтаришга чақирган.

XS
SM
MD
LG