Бу ҳақда Қирғизистон Республикасининг Қозоғистондаги элчиси Дастан Дуйшекеев маълум қилди. Унга кўра, марҳум Олмаотада фитнес-тренер бўлиб ишлаган. «Ҳозир элчихона ходимлари марҳумнинг шахси ва барча керакли маълумотларни аниқламоқда. Унинг жасадини ватанига етказиш ишлари бошланди», деди у.
Дипломатга кўра, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнгги воқеалар чоғида қанча Қирғизистон фуқароси қўлга олингани ҳақида маълумот бермаяпти.
Айни пайтда Қозоғистонда расмийлар «террор ҳужумлари» деб атаган воқеалар натижасида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда. 9 январь куни ҳукуматга қарашли Телеграм канали мамлакатда январь воқеалари чоғида 164 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Бироқ ўша куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни рад этди.
Аввалроқ 18 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходими ва 26 нафар «қуролланган одам» ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани Аружан Саин Олмаотада икки боланинг ўлими ҳақида хабар берди.
9 январь куни Қозоғистон расмийлари мамлакат бўйлаб хавфсизлик амалиётлари чоғида 6 мингга яқин одам ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди. 8 январь куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги қўлга олинганлар орасида «қўшни давлат фуқаролари» борлигини маълум қилган.