Ссылки доступа

АҚШда илк маротаба инсонга чўчқа юраги муваффақиятли кўчириб ўтказилди


Қўшма Штатларда тарихда биринчи марта чўчқа юрагини одамга кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли равишда амалга оширилди.

Мэриленд университети тиббиёт маркази шифокорларининг айтишича, бемор – 57 ёшли Дэвид Беннет ҳамон “сунъий юрак-ўпка” аппаратига уланган бўлса-да, унинг янги юраги қарийб тўла қувват билан ишламоқда. Тиббиётчилар уни 11 январь куни сунъий қон айлантириш аппаратидан узишмоқчи.

Дэвид Беннет бошқа даволаш усуллари ёрдам бермаганидан сўнг ушбу тажриба муолажасига рози бўлган. “Олдимда икки йўл бор эди: ўлим ёки трансплантат. Мен яшашни хоҳлайман. Бу мен учун ягона чора”, деган Беннет амалиётдан олдин.

Шифокорлар Беннетнинг соғлиғи хусусида башорат қилишдан тийилишмоқда, аммо мутахассисларга кўра, ушбу муолажа тиббиётда катта бурилиш ясаши мумкин.

“Бизни катта ўзгаришлар кутмоқда. Бу ўзгаришлар у ёки бу аъзоси ишдан чиққан беморларни қутқариб қолишимизга ёрдам беради”, деган New York Times газетасига жарроҳ-трансплантолог Дэвид Классен.

Ўтган йили 41 мингдан зиёд америкаликка донор аъзо кўчириб ўтказилган. Қарийб 4 минг америкаликка юрак кўчириб ўтказилган. Бироқ донор аъзолар, айниқса юракка потенциал талаб анча юқоридир, шу боис сўнгги ўн йилликда олимлар одамга турли ҳайвонлар юракларини кўчириб ўтказиш бўйича қатор тажрибалар ўтказишмоқда.

XS
SM
MD
LG