Ссылки доступа

Қозоғистонда январь воқеаларида иккинчи қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум бўлди


Қозоғистонда январь воқеалари чоғида яна бир Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида маълум бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.

Унга кўра, марҳумнинг яқинлари билан алоқа ўрнатилиб, тегишли ишлар олиб борилмоқда. Махфий хизмат бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Аввалроқ Олмаота шаҳрида фитнес бўйича мураббий бўлиб ишлаган қирғизистонлик Азиз Мусаев вафот этгани маълум бўлган эди.

Қозоғистонда расмийлар «террор хуружлари» деб атаган воқеалар натижасида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда. 9 январь куни ҳукумат назорати остидаги телеграм-канали мамлакатда январь воқеалари чоғида 164 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Ўша куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни рад этди.

Аввалроқ 18 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ва 26 нафар «қуролланган одам» ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Қозоғистон Республикаси болалар омбудсмени Аружан Саин Олмаотада икки боланинг ўлими ҳақида хабар берди.

9 январь куни Қозоғистон расмийлари Қозоғистон бўйлаб хавфсизлик амалиётлари чоғида 6 мингга яқин одам ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди. Ҳибсга олинганлар орасида қирғизистонликлар ҳам бор. Улардан бири — мусиқачи Викрам Рўзахунов озодликка чиқди. Яна 5 нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсда қолмоқда.

XS
SM
MD
LG