Қозоғистонда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу мамлакатдаги тартибсизликларда қатнашмаганликларини тан олишди. Уларга кўра, мамлакатда ҳозирги вазият тинч ва уларнинг кўпчилиги ўз ишларига қайтмоқда.
Даврон исмли наманганлик йигит Олмаотада яшайди. У тикув цехларидан бирида ишлайди. Даврон 11 январь кунидан ўз ишини давом эттираётганини айтди.
- Мен Олмаотада яшайман. Бугун шаҳарда вазият тинч. Шаҳар бўйлаб автобуслар юра бошлади. Мен тикувчилик цехида ишлайман. Полиция, прокуратура, миграция ва темирйўлчилар учун комбинезонлар тикамиз. Ҳужжатларим билан ҳаммаси жойида, ҳеч ким безовта қилмайди. Кеча, яъни 10 январь куни менга барча ижтимоий тармоқлар ва ёзишмалар назоратга олингани ҳақида СМС келди. Шу боис ижтимоий тармоқларга киришни тўхтатдик, дейди Даврон.
Унинг сўзларига кўра, тартибсизликлар бўлган кунларда у ва ўзи таниган ўзбекистонлик муҳожирлар уйдан чиқмаган. Суҳбатдош Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда ҳибсга олингани ҳақида эшитмаганлигини айтади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов вазирлик Қозоғистондаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини, Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси, Олмаотадаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилганини маълум қилди. Унга кўра, Оқтау шаҳарларида оғир аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилиб, талабалар билан мулоқот ўрнатилиб, уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Қозоғистон «Дўстлик» ўзбеклар жамияти раиси Икром Ҳошимжонов ўзи истиқомат қилаётган Чимкент шаҳрида вазият барқарорлашганини айтади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бирортаси оғир аҳволда қолгани ҳақида эшитмаганини айтади.
– Шаҳримизда Ўзбекистондан келган ҳунармандлар, новвойлар кўп. Лекин ҳозиргача уларнинг ҳеч бири менга тартибсизликлар натижасида жабр кўргани ҳақида шикоят қилмади. Бўлиб ўтган тартибсизликлардан кейин кимдир уларни безовта қилганини ҳам эшитмадим, — дейди Ҳошимжонов.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда 800 мингдан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилади.
– Чимкентда ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди жуда тез олинди. Полиция ва аскарлар вазиятни жуда қаттиқ назорат қилмоқда. Фақат кўргазма зали шикастланган, битта бозор талон-тарож қилинган. Ҳозирда вазият барқарор. Ҳамма жойда назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилиб, кучайтирилган режим ўрнатилди, ижарага олинган хонадонлар текширилмоқда. Бу воқеаларга ўзбекларнинг алоқадорлиги аниқланса, жуда афсус ва уят бўлади. Чунки бунинг учун биз, этник ўзбеклар, шарманда бўламиз. Шаҳримизда ўзбек муҳожирлари асосан уйларни таъмирлаш, ресторан ва кафеларда ишлашади. Мен улар тартибсизликларда қатнашмаганига ишонаман. Худога шукур, ҳозирча Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида расмий маълумотлар келиб тушмади», деди Қозоғистон «Дўстлик» ўзбеклар жамияти раиси Икром Ҳошимжонов.
Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида ишлаётган тошкентлик Ёқубжоннинг айтишича, мамлакатдаги тартибсизликлардан кейин маҳаллий полициянинг меҳнат муҳожирларига муносабати ўзгармаган.
- Биз аввалгидек ишлашда давом этяпмиз. Фақат олдинги иш эрталаб соат 7 дан эди, ҳозир эса эрталаб 8 да бошланяпти. Чунки соат 22:00 дан 7:00 гача шаҳарда комендантлик соати жорий қилинган. Полиция бизни ҳали тўхтатгани йўқ, ҳужжатларимизни ҳам сўрамади», — дейди Ёқубжон.
11 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов вазирликнинг Телеграм-каналида Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиақатнови ташкил этилиши ҳақида маълум қилди.
“Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг навбатдаги рейсларида ватанларига қайтарилади. Ҳозирда Олмаота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда», — деб ёзган Қобилжонов.
Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистондан эвакуация қилиниши ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.