Ссылки доступа

Қирғиз-қозоқ чегарасида 130 та юк машинаси тўпланиб қолди


Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги “Ақ Тилек” назорат-ўтказиш масканида юк машиналарининг узун навбати пайдо бўлди. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, 11 январь соат 22:00 ҳолатига чегарада 130 га яқин юк ташувчи транспорт воситаси йиғилиб қолган.

Улардан 10 та юк машинасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган бўлса, 20 таси контейнер ташувчи транспорт воситаларидир. Қолган 100 та машина юксиз.

Қирғизистон Чегара хизмати изоҳига кўра, юк машиналарининг тўпланиб қолиши вақти-вақти билан бўлиб турадиган ҳолат ва бу байрамдан кейин юк оқимининг ортиши, шунингдек Қозоғистон ҳудудида назорат-кўрик тадбирлари кучайтирилгани билан боғлиқ.

Қирғизистон томонидан юк ташувчилар учун чекловлар мавжуд эмас.

Қозоғистон билан чегарадаги бошқа назорат-ўтказиш масканларида одамлар ва транспорт тўпланиб қолиши қайд этилган эмас.

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасининг қирғиз томонида вақти-вақти билан юк машиналари навбати ҳосил бўлади, баъзан бу навбат бир неча километрга чўзилиб кетади. Ўтган йилларда чегара назоратининг кучайтирилиши бир неча бор Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасида мунозара мавзусига айланган. Экспертлар икки қўшни мамлакат савдо урушини олиб бораётганини қайд этганлар. Ўзаро низо Жаҳон савдо ташкилотигача борган.

Қирғизистон ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзолари бўлиб ҳисобланишади. Ташкилот қоидаларига мувофиқ, барча аъзолар ўз ҳудудида товарлар эркин ҳаракатланишини таъминлаши керак. Аммо амалда мамлакатлар ташкилотдаги ҳамкорларига нисбатан чеклов чораларини жорий этишда давом этишмоқда.

XS
SM
MD
LG