Ссылки доступа

Толибон ҳукумати мудофаа вазирлиги вертолётларини қайтариш талаби билан Душанбе ва Тошкентга таҳдид қилмоқда


Тан олинмаган Толибон ҳукумати мудофаа вазирлиги раҳбарлари ўзларининг икки қўшнисини аввалги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришлари кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб («Толибон» ҳаракати асосчиси Мулла Умарнинг ўғли,) 11 январь куни Афғонистон авиациясининг Кобулда ўтказаётган ҳаво ҳарбий машғулотлари чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон «Толибон ҳаракатининг кучларини сабрини синамасликлари керак» деди.

«Бизнинг самолёт ва вертолётларимиз, агар улар Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлса, бизга қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ва у ерда ишлатилишига ҳеч қачон рухсат бермаймиз», деди у.

Толибон мудофаа вазири, шунингдек, «агар самолётлар Афғонистонга қайтарилмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» қўшимча қилди.

Сўнгги бир ҳафта ичида «Толибон» вакиллари Душанбе ва Тошкентда иккинчи марта шундай сўровлар билан чиқишмоқда, бироқ Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Кобулдаги янги ҳокимият сўровига расман жавоб бермаган.

Аввалроқ Толибон раҳбарияти Ашраф Ғани ҳукумати қулаганидан сўнг Тожикистон ва Ўзбекистонга 40 вертолёт учиб кетгани, вертолётларни қайтариш бўйича Душанбе ва Тошкент билан музокаралар олиб борилаётгани, бироқ Афғонистоннинг бу икки қўшни давлатидан бирортаси вертолётларни қайтариш бўйича ҳаракат қилмаётганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, Толибон вакили Тожикистон ёки Ўзбекистонга айнан қачон бундай сўровлар қилгани, Душанбе ва Тошкентда уларга нима дейилганини айтмаган.

Бироқ бир неча кун аввал Reuters агентлиги Тожикистон ва Ўзбекистон Кобул қулаши пайтида ушбу давлатларга олиб келинган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Афғонистонга қайтариш ниятида эмаслигини хабар қилган эди.

Ушбу агентлик маълумотларига кўра, ҳар икки давлат АҚШдан вертолётларнинг бир қисмини ўзида сақлаб қолишга рухсат беришни талаб қилган. АҚШ ҳукуматидаги манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Қўшма Штатлар ушбу мамлакатлар сўровларини кўриб чиқмоқда. Америка томони бу борада ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Бу вертолётларнинг аксарияти АҚШ томонидан афғон ҳарбийларига берилган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатдан қочган президент Ашраф Ғани уч вертолётда Ўзбекистонга олиб келингани хабар қилинганди. Қолган вертолётлар қандай қилиб Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига тушиб қолгани номаълум.

Тожикистон ҳозирда Толибон ҳукумати билан дипломатик алоқаларга эга эмас, Ўзбекистон ҳам бу ҳукуматни расман тан олмади, гарчи у ҳаракат билан яхши муносабатларга эга. Шу боис, Толибон Тожикистонга вертолётларни Афғонистонга қайтаришни қайси каналлар орқали таклиф қилгани ҳозирча номаълум.

XS
SM
MD
LG