Ссылки доступа

Тоқаев ҳалок бўлган хавфсизлик ходимларининг оила аъзолари билан учрашди


12 январь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳуқуқ ҳимоячиларининг Қозоғистон ҳукуматига тинч аҳоли қурбонлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш ҳақидаги чақириқлари ортидан Олмаотада ҳалок бўлган полициячилар ва ҳарбий хизматчиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Расмий матбуотга кўра, Тоқаев ҳалок бўлган хавфсизлик ходимларининг оилаларига мукофот топширган ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ваъда қилган. «Мен сўз бераман, ҳеч бирингиз эътибордан четда қолмайсиз. Биз доимий ёрдам берамиз, хоҳ яшаш шароити, хоҳ болаларни ўқишга юбориш бўлсин», — деди у.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати, шунингдек, Тоқаев оператив штаб йиғилишини ўтказгани, унда у мамлакатнинг энг йирик шаҳрига «террорчилик ҳужуми» оқибатлари кўламини шахсан баҳолаш учун Олмаотага келганини маълум қилган.

Бу Тоқаевнинг қаттиқ назорат остидаги авторитар мамлакатда ислоҳотга чақирувчи норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетганидан сўнг Олмаотага биринчи ташрифи бўлди.

Чоршанба куни ижтимоий тармоқларда тўсиб қўйилган асосий кўча бўйлаб зирҳли техникалар, шунингдек, осмонда кўриниб турган ҳарбий вертолёт ҳамроҳлик қилаётган гўёки президент кортежи видеоси пайдо бўлди.

Қозоғистонда расмийлар «террор хуружлари» деб атаган воқеалар натижасида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда. Расмийлар камида 18 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлганини тасдиқлади, аммо ҳозирча тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар сонини айтмади. Аввалроқ чоршанба куни Халқаро Амнистия халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, «хавфсизлик кучлари томонидан ҳалокатли куч ишлатиш» ҳақидаги барча хабарлар бўйича самарали ва холис тергов ўтказишга чақирувчи мақола чоп этган эди.

9 январь куни ҳукумат назорати остидаги телеграм-канал мамлакатда январь воқеалари чоғида 164 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Ўша куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни рад этди. Ижтимоий тармоқларда фаоллар ўлган ёки бедарак йўқолганлар ҳақида маълумотлар тўпламини ташкил қилишди.

Сешанба куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тартибсизликлар ва полиция билан зўравон тўқнашувлардан сўнг 9900 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Юзлаб жиноий ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқда сақлаш шароитлари ва минглаб маҳбусларнинг ҳибсга олиниши сабабларидан хавотир билдирмоқда. Уларнинг қайд этишича, ҳибсга олинганлар орасида зўравонлик авж олиши билан боғлиқ бўлмаган тинч намойишлар иштирокчилари бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG