Ссылки доступа

Қозоғистоннинг уч вилоятида фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди


Қозоғистоннинг Павлодар, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 13 январь тонгги соат 7:00 дан эътиборан фавқулодда ҳолат режими тўхтатилди. Бунга оид фармонлар президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан чоршанба оқшомида имзоланган.

Суюлтирилган газ нархи кескин ошганига қарши оммавий норозилик чиқишлари манзарасида Тоқаев 4 январь куни дастлаб Манғистау вилоятида ва Олмаота шаҳрида, кейинроқ эса бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат тартибини жорий этганди.

Бугун КХШТ қўшинларини Қозоғистон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш бошланиши кутилмоқда. 5 январь куни Тоқаев КХШТ давлатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, “террористик таҳдид”ни бартараф этишда ёрдам беришни илтимос қилгани ортидан ташкилот Қозоғистонга бир неча минг аскар жўнатган эди. 11 январь куни Қозоғистон раҳбари КХШТнинг мамлакатдаги миссияси якунланганини эълон қилган.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида 2 январь куни бошланган норозилик акцияси дастлаб тинч ўтаётганди. Газ нархидан норозилигини билдирган митингчиларнинг иқтисодий талаблари тобора кенгайган, кейинроқ улар сиёсий талабларни, хусусан биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан четлатилишини, унинг вориси бўлмиш Тоқаевнинг истеъфосини ва сиёсий ислоҳотлар, жумладан демократик сайловлар ўтказишни талаб қилганлар.

4 январь оқшомида намойишлар тартибсизликларга айланган. Олмаотада бир гуруҳ одам (улар тинч намойиш иштирокчилари бўлгани аниқ эмас) жамоат ва ҳукумат идораларини, дўконларни талон-торож қилган ва бир неча бинога ўт қўйган.

Намойишлардан сўнг бедарак йўқолганлар ҳақида кўплаб хабарлар мавжуд. Қатор сиёсий фаоллар, журналистлар ушлангани, қамоққа олингани айтилмоқда. Бутун мамлакат бўйича қўлга олинганларнинг расмий сони қарийб 10 минг кишига етган. Ўлганлар ва жароҳат олганларга доир маълумотлар 7 январдан бери янгиланган эмас. Ўшанда фуқаровий шахслар (уларга нисбатан “террорчилар” ва “йўқ қилинган” деган сўзлар қўлланган) ва кучишлатар тузилмалар ходимларидан 26 киши қурбон бўлгани айтилган. Бироқ, олинаётган маълумотларга ишонилса, қурбонлар сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG